Илмий-тадқиқот соҳасида ҳамкорлик

152

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказида Хитой Фанлар академияси Синьцзян экология ва география институти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирнинг асосий мақсади Оролбўйи ҳудудини экологик тиклаш соҳасида илмий-тадқиқот ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва илғор тажрибалар алмашишдан иборатдир.

Ташриф доирасида хитойлик мутахассислар томонидан шўрланган ва қуруқ шароитларга мослашган, Синьцзянда етиштирилган камёб галофит ўсимлик уруғлари топширилди. Бу ўсимликлар табиий қийин шароитларга юқори даражада чидамли бўлиб, деградацияга учраган ерларни тиклашда катта салоҳиятга эга. Уруғлар марказнинг Мўйноқ ва Нукус туманларидаги тажриба участкаларида экилади.

Учрашувда томонлар келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиб, бу каби ташаббуслар минтақанинг барқарор экологик келажагини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Маълумот учун, Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамда Синьцзян экология ва география институти ўртасидаги ҳамкорлик 2019 йили имзоланган англашув меморандуми асосида бошланган. Ҳозирги кунга қадар ҳамкорлик доирасида Орол денгизи экологик инқирози оқибатларини юмшатишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.