Энергия ресурслари бўйича аниқланган қонунбузарликлар учун иқтисодий санкциялар қўлланилди

Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларнинг ҳисобини тўғри юритиш ва сифат талабларига риоя этилишини таъминлаш мамлакатимиздаги энергия сиёсатида устувор вазифалардан саналади. Шу сабабли, бу борада тизимли назорат ишлари олиб борилаётир.
Яқинда “Ўзэнергоинспекция” томонидан Сурхондарё, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ўтказилган назорат тадбирлари давомида қатор қонунбузарликлар фош этилди ва улар юзасидан тегишли иқтисодий чоралар кўрилди.
Жумладан, Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида жойлашган “E.E.” МЧЖга қарашли автомобилларга суюлтирилган газ тўлдириш шохобчасида нефть маҳсулотларини тарқатиш талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди. Текширув натижасида шохобчага ўрнатилган газ тўлдириш устунларининг навбатдаги давлат қиёслов кўригидан ўтказиш муддати ўтиб кетгани аниқланди. “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 43-моддасига мувофиқ, ушбу АЁҚШда реализация қилинган 7 513 литр суюлтирилган газнинг 50 фоизи миқдорида(20,6 миллион сўм) иқтисодий санкция қўлланилди.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти Косон тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Сув таъминоти” туман бўлимига қарашли сув йиғиш иншоотида ўтказилган назорат тадбири давомида электр ҳисоблагич шартномада кўрсатилмаган ҳолда уланиб, электр энергияси ноқонуний равишда ишлатилгани фош этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарлик туфайли давлатга 1 миллиард 280 миллион сўм миқдорида зарар етказилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти Андижон туманида жойлашган “D.KK.” МЧЖга қарашли АЁҚШда эса AI-92 ва AI-95 русумдаги автобензинлардан намуналар олиниб, лабораторияда таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра, бензин сифати давлат стандартлари талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам юқоридаги таъкидланган қонун асосида 20,9 миллион сўм миқдорида иқтисодий санкция қўлланилди.
Инспекция ахборот хизматига кўра, сифати белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ёқилғи, газ конденсати, нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган углеводород газини реализация қилиш ушбу товарлар қийматининг 50 фоизи миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. Мухтасар айтганда, “Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилаётган бундай назорат тадбирлари энергия ресурслари таъминотида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, хавфсизликни кучайтириш ва соҳа самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА