WBC Гран-присида ғалабага эришган боксчиларимиз қанча маблағ олди?

144

Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бокс бўйича ўтказилган WBC Гран-присининг дастлабки босқич беллашувларида беш нафар ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари рингга кўтарилиб, уларнинг 3 нафари кейинги босқичга йўл олди. 2 нафари эса томошабинлар қаторидан жой эгаллади.

Ярим енгил вазн тоифасида Аюбхон Бахтиёров франциялик Жамал Хажабни, энг енгил вазндаги баҳсларда эса Мужибилло Турсунов ЖАР вакили Майкл Адесодунни, оғир вазнда Лазизбек Муллажонов панамалик Марвин Мендосани мағлуб этган эди.

Куни кеча WBC Гран-приси ташкилий қўмитаси турнирнинг илк босқичида иштирок этган боксчиларнинг мукофот пуллари миқдорини эълон қилди.

Унга кўра, кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган А.Бахтиёров, М.Турсунов ва Л.Муллажонов 15 минг АҚШ долларига эга чиққан бўлса, турнирда рақибларига имкониятни бой берган боксчиларимиз Камронбек Эшматов ва Сухроб Қаюмов 7 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.

Халқаро Гран-при турнирининг кейинги босқичига йўл олган боксчиларимиз энди июнь ойида ташкил этиладиган нимчорак финал жангларида рингга кўтарилади.

Яна бир профессионал боксчимиз Ҳавасбек Асадуллаев 25 апрель куни Россия Федерациясининг Уфа шаҳрида ўтадиган бокс оқшомида қатнашадиган бўлди.

Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси хабарига кўра, андижонлик 25 ёшли Ҳавасбекка ушбу бокс кечасида россиялик Алан Хугаев рақиб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Асадуллаев профессионал боксда 4 та жанг ўтказиб, барчасида ғалабага эришган. Унинг рақиби Хугаев 19 жангнинг барчасида рақибларини таслим этган.

Т.Рўзиев, ЎзА