Анқарада Аҳмад ал-Фарғоний шарафига бюст ўрнатилди

Туркия пойтахти Анқара шаҳрида таниқли олим, мутафаккир ва давлат арбоби Аҳмад ал-Фарғоний бюстининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кечиорен туманидаги истироҳат боғларидан бирида ташкил этилган тадбирда маданият ва илм-фан арбоблари, сиёсатчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазжон Таджиханов, Кечиорен тумани ҳокими Месут Ўзарслан, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби ўринбосари Сайид Юсуф, Туркия Буюк миллат мажлиси, дипломатик корпус ва академик доира вакиллари иштирок этди.
Авазжон Таджиханов сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Бунда маданий-гуманитар алоқаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, ўз навбатида, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. А.Таджихановнинг сўзларига кўра, Аҳмад ал-Фарғоний шарафига бюст ўрнатилиши тарихий меросимизга бўлган юксак ҳурмат ва маънавий бирдамлик рамзидир.
Кечиорен тумани ҳокими Месут Ўзарслан Аҳмад ал-Фарғонийнинг бой илмий мероси барча туркий халқлар учун фахр ва ифтихор эканлигини эътироф этди. У буюк олим сиймоси ёшларга ибрат бўлиб, келажак авлодни илм-маърифатга илҳомлантиришига ишонч билдирди.
Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби ўринбосари Сайид Юсуф ўз нутқида Аҳмад ал-Фарғонийнинг дунё илм-фани, айниқса астрономия, география ва математика каби фанларга қўшган ҳиссасига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларлига кўра, ёдгорлик туркий оламнинг маданий якдиллигини мустаҳкамлаш рамзи бўлиб хизмат қилади.
Тантанали тадбир якунида ташкил этилган байрам концерти меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Анқарада Аҳмад ал-Фарғоний бюстининг очилиши Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА