Экологик барқарорликни таъминлаш Оролбўйи минтақаси учун долзарбдир

Орол денгизи бой табиий ресурси билан машҳур бўлган. Бу денгиз биологик жиҳатдан бой экотизим сифатида эътироф этилган. 1964 йилгача денгиз ҳудуди 68,9 минг квадрат километрни ташкил этган. Йилига 30-35 минг тоннагача балиқ етиштирилган. Ноёб флора ва фаунаси дунёга машҳур эди. Афсуски, сувдан нотўғри ва тартибсиз фойдаланиш натижасида сўнгги 50-55 йил ичида сув ҳажми 15 баробарга тушиб, сатҳи 29 метрга пасайди. Денгизнинг қуриган ҳудудини оқ туз конлари эгаллади. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси тобора йўқолиб бормоқда.
Денгизнинг қуриб қолган тубида вақти-вақти билан чанг ва шўр бўронлар кузатилади. Жумладан, ҳар йили 100 миллион тоннага яқин қум-туз бўронлари бўлиб, 400 километрдан ортиқ масофага тарқалади. Бу эса инсонларнинг соғлиғига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Ҳудудда нафас йўллари, онкологик, сурункали бронхит каби касалликлар кузатилмоқда. Атроф-муҳитнинг бузилиши иқтисодий кўрсаткичлар пасайишига ҳам сабаб бўлади. Ҳудудда чорвачилик ва балиқчилик соҳаси оқсамоқда. Иқтисодий зарар кўрсаткичи ортиб бормоқда.
Орол денгизи фожиаси натижасида юзага келган сув ресурслари танқислиги, ер деградацияси, чўлланишнинг кучайиши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши ва бошқа жиддий иқлим ўзгаришлари жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Орол ҳалокати оқибатларини юмшатиш бўйича минтақа ҳудудида 500 дан ортиқ кенг миқёсли лойиҳалар амалга оширилди, қуриган денгизнинг 350 минг гектар майдонига саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, бутазорлар барпо этилди. Бугун бундай ҳудудларнинг умумий майдони қарийб 700 минг гектарга етди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017-2021йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури қабул қилинди. Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Ҳозирда ушбу маблағлар ҳисобидан амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти, турмуш шароитини яхшилашга кўмаклашилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш, БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича 2017 йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши масаласига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратган эди.
Шунингдек, жорий йилнинг 7-8 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янги ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзусидаги халқаро анжуманда қабул қилинган резолюция бу борада амалий ечим сифатида хизмат қилиши шубҳасиз.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича қўшни давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозимлиги янада яққолроқ намоён бўлмоқда.
Яқинда Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлисида Президентимиз ушбу масалага жиддий эътибор қаратди. Ўз навбатида, Орол фожиаси оқибатларини юмшатишда минтақадаги давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги борасида устувор аҳамиятга молик конструктив йўналишлар Марказий Осиё давлат раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди.
Президентимиз Орол муаммоси минтақа ҳаёти ва келажагига дахлдор долзарб масала экани, музокараларда анчадан буён тўпланиб қолган саволлар очиқ ва конструктив муҳокама қилинганини, энди қоғоздан амалий ишга ўтилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Айниқса, минтақа давлатлари умумий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш лозимлиги қайд этилди. Дарҳақиқат, минтақа давлатларининг барчаси Жамғарма фаолиятида, жумладан, Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича тўртинчи Дастурни ишлаб чиқиш ва ўзаро келишиш жараёнида тўлақонли қатнашиши бу борадаги умумий муаммоларни ҳал этиш ва таҳдидларни бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир.
Давлатимиз раҳбари томонидан Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш юзасидан таклиф этилган конструктив йўналишлар халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Ана шу конструктив йўналишлардан келиб чиқиб, биз – депутатлар парламентимизда соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштириш, давлат дастурларига амалий таклифлар бериш, дастурлар ижросини таъминлашда парламент назоратини янада кучайтиришимиз лозим.
Борий АЛИХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари.

 

ЎзА