
Бугун, 18 апрель куни Германияда шахмат бўйича ўтказилаётган “Grenke Freestyle Chess Open” халқаро турнирининг 2-турида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда германиялик Йонас Роснер билан куч синашади.
Мукофот жамғармаси 225 минг евродан иборат турнирнинг кеча ўтган 1-турида истеъдодли шахматчимиз қора доналарда германиялик Детлев Волтер билан рўбарў келди ва ғалабага эришди.
Айтиш лозим, халқаро турнирда дунё шахматида кучлиликка даъвогар бўлган 2996 нафар шахматчи турли тоифалардаги баҳсларда дона сурмоқда.

Мусобақанинг “А” тоифасида ФИДЕ рейтингида етакчи ўринларни эгаллаб келаётган 245 нафар иштирокчи қаторида Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Уэсли Со, Левон Аронян, Аржун Эригаиси, Максим Вашье-Лаграв, Шахриёр Мамедьяров, Ян Непомняший сингари таниқли гроссмейстерлар иштирок этмоқда.

«Grenke Freestyle Chess Open» турнири ғолиби 60 минг евро билан бирга, Лас-Вегасда ўтказиладиган “Freestyle Chess” турнирида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. 2-ўрин соҳиби 40 минг, 3-ўринни эгаллаган шахматчи 30 минг еврони қўлга киритади. Мусобақада кучли ўнликдан жой олган иштирокчи 3 минг евро соҳиби бўлади.
9 та турдан иборат халқаро турнир баҳслари 21 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА