“Сўғдиёна” Нукусда “Арал”ни мағлуб этди

173

Футбол бўйича 2025 йилги Ўзбекистон кубоги баҳсларига старт берилиб, бугун Андижонда “Андижон” ва Термизнинг “Сурхон” клублари ўртасидаги ўйин билан 1-турга якун ясалади.

Ушбу кубок ўйинларида жами 32 жамоа 8 та гуруҳга бўлинган ҳолда кейинги босқичга чиқиш учун бериладиган 16 дона йўлланма учун ўзаро гуруҳ учрашувларида иштирок этмоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳар бир гуруҳдан биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар плейофф баҳсларига йўлланмани қўлга киритади.

Куни кеча “А” гуруҳида дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда пролига иштирокчиси Нукуснинг “Арал” жамоаси ўз майдонида суперлига вакили Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилди.

Нукусда ўтган ушбу ўйинда меҳмонлар бош мураббийи Иван Бошкович “ротация”га қўл уриб, асосий таркиб аъзоларидан Люпчо Дориев, Владесл Андерев, Лука Жорджевич, Хондамир Мустафақулов, Жавоҳир Қаҳрамонов сингари асосий таркиб футболчиларини кейинги баҳслар учун асраб қўйди.

Мазкур учрашувда деярли иккинчи таркиб билан майдонга чиққан “Сўғдиёна” футболчилари меҳмонда тўп сурган бўлишларига қарамай бутун ўйин давомида тўлиқ устунликка эга бўлди. Асосий таркибда майдонга тушиш имкони берилган футболчилар ушбу баҳсда ишончни оқлашди, деб бемалол айтиш мумкин.

Тажриба ва маҳорат борасидаги устунлик ўйиндаги устунликни ҳам таъминлади. Бу эса учрашувнинг 27-дақиқасида ўз сўзини айтди. Чап қанотдан мезбонлар жарима майдонига кириб борган Дилшодбек Мисиралиев тўпни ўнг қанотдаги жамоадоши Сардор Рашидовга узатди. Сардор бир ҳимоячини алдаб ўтиб, “Арал” посбони Низомиддин Зиявутдиновга ҳеч қандай имконият қолдирмай, тўпни кучли зарба билан дарвозанинг олис бурчагига жойлаб қўйди – 0:1.

Меҳмонлар иккинчи бўлимни ҳам устунликда ўтказишди. Голлар эса жиззахликлар таркибидаги бир қатор ўзгаришлардан сўнг амалга оширилди. 84-дақиқада майдон эгалари ҳимоячисидан индувидал маҳорат туфайли тўпни олиб қўйган “Сўғдиёна” футболчиси Сардорбек Эркинов “Арал” дарвозасига иккинчи голни киритиб, ўртадаги фарқни оширди – 0:2.

Учини гол эса учрашув бош ҳаками Тўрабек Суюнов томонидан қўшиб берилган 90+5-дақиқада мезбонлар жарима майдонида амалга оширилган кучли прессинг оқибатида юзага келди. Отабек Аҳадов нукуслик ҳимоячидан тўпни олиб қўйиб, жарима майдони ичида ёлғиз қолдирилган Самандаржон Мавлонқуловга қулай тарзда узатиб берди. Дарвозабон билан бирга-бир вазиятда бўлган Самандаржон зарбада адашмади – 0:3.

“Сўғдиёна” ушбу меҳмондаги йирик ҳисобдаги ғалабасидан сўнг “А” гуруҳда якка пешқадам бўлиб олди.

Шу гуруҳдан жой олган Қувасойнинг “Сементчи” клуби ўз майдонида Урганчнинг “Хоразм ФА” (футбол академияси) жамоасини қабул қилди. Ўйинда майдон эгалари дастлаб ўз дарвозасидан 2 гол ўтказиб юборди. Жавоб голларини эса шу ўйинни бошқарган ҳакам Умиджон Раҳимжонов томонидан қўшиб берилган 90+1-(пенальтидан) ва 90+5-дақиқада киритиб, 2:2 ҳисобидаги жанговар дурангга эга бўлди.

Ушбу “А” гуруҳидаги 2-тур ўйинлари жорий йилнинг 29 апрель кунига белгиланган. Шу куни “Сўғдиёна” Жиззахда “Сементчи”ни қабул қилса, “Арал” Урганчда “Хоразм ФА”нинг меҳмони бўлади.

А.Қаюмов, ЎзА