Осиё-Океания чемпионатида самбочиларимизга тенг келадигани топилмади

145

Самбо бўйича Осиё-Океания чемпионати пойтахтимизда юқори савияда ўтаётганидан хабарингиз бор, албатта. Мазкур мусобақанинг ўсмирлар ўртасидаги баҳсларида умумий ҳисобда 16 та вазнда медаллар жамланмаси ўз эгаларини топди.

Қувонарлиси, ушбу беллашувларда терма жамоамиз аъзоларидан Вазира Нуруллаева (-47 кг), Шаҳзода Исоқбоева (-65 кг), Дилнозахон Каримова (-72 кг), Давлатжон Козимов (-64 кг), Муҳаммадюсуф Юсуфжонов (-71 кг), Муҳаммаджон Юсупов (-79 кг), Шоҳжаҳон Ғолибов (-88 кг) ва Саидаҳмад Равшанов (-98 кг) барча рақибларини енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, ўз вазн тоифаларида Ирода Савронова, Ҳулкар Жўраева ва Алишер Расулов шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олган бўлса, Шаҳноза Балтанова, Гуласал Облоқулова, Камола Вафоқулова ҳамда Гамзат Максетбаев бронза медали билан тақдирланди.

Шу тариқа, ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда вакилларимиз жами 8 та олтин, 3 та кумуш, 4 та бронза медалини қўлга киритди.

Бугун Осиё-Океания чемпионатида ёшлар ўртасидаги баҳслар ўтказилади. Унда самбо ва жанговар самбо йўналишида 28 та вазн тоифасида медаллар учун беллашувлар ташкил этилади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА