Суғурта механизмларининг жорий этилиши қай даражада?

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Ф.Шарипов, Тиббий суғурта бошқармаси бошлиғи Ш.Алмарданов ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижрочи директорининг биринчи ўринбосари Ш.Иноятовлар томонидан республикамиздаги тиббиёт муассасаларида тиббий суғурта механизмларини амалга оширишда олиб борилаётган чора-тадбирлар, уларни рақамлаштириш, тиббий хизматлар сифати ва кўлами ўрганилган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида мазкур ўрганиш натижаларига бағишланган видеоконференцалоқа тарзида йиғилиш ўтказилиб, ҳудудлардаги соҳа раҳбарлари иштирокида мазкур масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли барча туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари жойлардаги студиялар орқали иштирок этди.
Бунда асосий эътибор кафолатланган пакетга киритилган 66 турдаги дори воситалари, тиббий буюмлар, материаллар, лаборатория текширувлари учун зарур бўлган реактивлар таъминоти, диагностик-таҳлиллар учун зарур бўлган ускуналар билан таъминланиш ҳолатига қаратилди.



Аҳоли саломатлиги билан боғлиқ кўрсаткичларни мониторинг қилиш, касаллик тарихини юритиш ва тиббиёт муассасаларига йўналтириш мақсадида амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари, тегишли дастур фаолияти баҳоланди.
Аҳолини ушбу тизимга жалб қилиш ва уларни бепул дори воситалари билан таъминлашда қатор тиббиёт муассасалари томонидан сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилди.
Йиғилишда келтирилган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги