Педагоглар малака синовларидан ўтмоқда

Педагог кадрларнинг малакасини ошириш, уларнинг таълим бериш маҳоратини юқори даражага кўтариш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар йили Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари педагоглари малака (тест) синовларидан ўтказилиши йўлга қўйилган.
Республикамизнинг барча ҳудудларида педагогларнинг малака синовлари бошланди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, тест синовлари катта залларда ўрнатилган жами 2 минг 50 та компьютерда Face ID ва Blockchain технологиялари асосида онлайн тарзда ўтказилади. Баҳолаш натижалари QR-код қўйилган электрон шаклдаги педагогларнинг шахсий кабинетига юборилади.
Бир ой давом этадиган ушбу жараёнда 40 дан зиёд фандан дарс берадиган 190 минг нафарга яқин педагогнинг иштироки кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА