Томорқа – барака манбаи

140

ФОТОРЕПОРТАЖ

Баҳор фасли илиқ нафаси билан юртимизга гўзаллик ва янгиланиш бағишламоқда. Бу фасл, айниқса, дала-томорқаларда ҳаёт завқи билан яшайдиган деҳқон ва боғбонлар учун янги имкониятлар фаслидир. Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ҳам меҳнатсевар инсонлар ҳар бир кунни ғанимат билиб, омилкорликни ҳаёт мазмунига айлантирган. “Оқ олтин” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Янгибой Қурбонниёзов ана шундай заҳматкаш бободеҳқонлардан.

У киши меҳнат фаолиятини темир йўл соҳасига бағишлаган. Ҳозирда эса умри давомида шакллантирган меҳнат анъанасини ўз томорқасида давом эттирмоқда. Айни пайтда унинг 4 сотихли иссиқхонасида хориж навидаги картошка парвариш қилинмоқда. Яқин кунларда ҳосил пишиб етилади. Кейинчалик эса бу ерда сабзи етиштириш режа қилинган. Шу билан бирга, 1 сотихдан зиёд майдондаги кўчатхонада манзарали гуллар, помидор, карам ва бошқа полиз маҳсулотлари парвариш қилинади.

Иссиқхонадан ташқари, Янгибой оға яна 4 сотихдан зиёд ерда карам ва бақлажон етиштиради. Унинг таъкидлашича, хонадон томорқадан йилига 2–3 марта барқарор даромад олади. Бу албатта, саховатли ер билан тиллашиш ва сидқидилдан қилинган меҳнат самарасидир.

Мазкур хонадон чорвачилик билан ҳам шуғулланади. Экин-текин, мевали дарахтлар, гуллар ва чорва кабиларнинг барчаси Янгибой оға хонадонида меҳнат ва бараканинг уйғунлигини яққол намоён этади.

Бугунги кунда юртимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, томорқачиликни ривожлантиришга қаратилган қатор давлат дастурлари, имтиёз ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Янгибой Қурбонниёзов каби имкониятлардан самарали фойдаланиб, фаровон яшаётган меҳнаткаш инсонлар ўз ҳаёт йўли, ибратли меҳнати ва тажрибалари билан эл-юртга намуна бўлмоқда.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА