Сессияда долзарб масалалар муҳокама этилди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг учинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумат аъзолари, тегишли соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масала – Қорақалпоғистон Республикасининг “Ер тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси тўғрисида бўлиб, ушбу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси А.Жуманазаров маъруза қилди. Мазкур лойиҳа билан Қонуннинг қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Қорақалпоғистон Республикасига инвестицияларни янада кенг жалб қилиш ҳамда ҳудуднинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Кун тартибидаги ушбу масала батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Парламент сўрови юбориш тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, туризм ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратов маъруза қилди.
Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талабининг Қорақалпоғистон Республикасида ижро этилиши бўйича Вазирлар Кенгашининг ҳисоботи, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 2024 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиевнинг ахбороти, Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси томонидан 2024 йил давомида амалга оширилган ишлари ҳақида Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Бош бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ҳудудларда бажарилиши бўйича Маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.