Осиё-Океания чемпионати қизғин паллада

151

Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган самбо бўйича Осиё-Океания чемпионатининг навбатдаги кунида 16 вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди. Қувонарлиси, унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 14 та медални қўлга киритди.

Мусобақанинг иккинчи кунги баҳсларида 14 нафар самбочимиз баҳсларга кирди. Улар орасида Сарвиноз Эсонова, Гулина Облоқулова, Шаҳриёр Каримов, Миржалол Нормўминов, Асрор Ҳамидов, Лутфулло Сайдаматов (жанговар самбо), Шариф Кушаев (жанговар самбо), Гулсевар Ўроқова (жанговар самбо), Хуршида Абдувоҳидова (жанговар самбо), Шаҳзода Азатова (жанговар самбо) ўз вазн тоифаларида олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Шаҳноза Бозорова, Чарос Абдуллаева, Худоёр Иброҳимов, Вазира Очилова (жанговар самбо) бронза медали билан тақдирланди. Шу тариқа, чемпионатнинг иккинчи кун якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги медаллар 24 та олтин, 5 та кумуш ва 10 та бронзага етди.

Дарвоқе, куни кеча Осиё-Океания чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Осиё-Океания самбо иттифоқи раиси Аълам Муллаев сўзга чиқиб, юртимизда самбо спорт тури ёшларимиз орасида жадал оммалашаётгани, ва улар орасидан иқтидорли спортчилар етишиб чиқиб, нуфузли мусобақаларда мамлакатимиз шарафини янада юксалтираётгани, ушбу спорт келгусида Осиё ва Олимпия ўйинлари сингари йирик комплекс мусобақалар дастуридан доимий жой олиш эҳтимоли ҳақида тўхталиб ўтди.

Юқори савияда ўтаётган Осиё-Океания чемпионатида бугун, 16 апрель куни ўсмирлар ўртасида (16-18 ёш) 16 та вазн тоифасида медаллар учун баҳслар ўтказилади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА