ЕЧЛ: “ПСЖ” ва “Барселона” ярим финалда

134

Футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси чорак финал босқичининг жавоб учрашувлари ўтказилди. Унда “Барселона” ва “ПСЖ” клублари икки ўйин натижасига кўра ярим финал босқичига йўл олди.

Гап шундаки, Дортмунднинг “Боруссия“ клуби ўз майдонида Чемпионлар лигаси 1/4 финал жавоб баҳсида “Барселона“ни 3:1 ҳисобида мағлуб қилди. Учрашувда мезбонлар ҳужумчиси Серу Гирасси хет-трик қайд этди. Меҳмонларнинг ягона тўпини ҳам “Боруссия“ аъзоси Рами Бенсебайни ўз дарвозасига киритди. Бироқ бу ғалаба, Дортмунд шарафини ҳимоя қилаётган жамоа учун етарли бўлмади. Икки ўйин натижасига кўра 5:3 ҳисобида ғалаба қозонган “Барселона“ Чемпионлар лигаси ярим финалига йўл олди. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “Барселона“ 2018/19 йилги мавсумдан буён илк бор EЧЛ ярим финалига чиқди.

Энди Каталония клуби 1/2 финал босқичида “Бавария“ — “Интер“ жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади.

“ПСЖ“ Чемпионлар лигаси чорак финал жавоб ўйинида “Астон Вилла“ меҳмони бўлиб, 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. “ПСЖ” сафида ҳаракат қилаётган Ашраф Ҳакими ва Нуну Мендеш жамоасининг икки голига муаллифлик қилди. Мезбонлар сафида Юри Тилеманс, Жон Макгинн ва Эзри Конса ўз номига биттадан гол ёздириб қўйди. Аммо “Астон Вилла” илк ўйинда 1:3 ҳисобида мағлуб бўлгани боис икки ўйин натижасига кўра, “ПСЖ“ 5:4 ҳисобида ғалаба қозонди.

Энди Париж шаҳри жамоаси финал остонасида “Реал“ ва “Арсенал“ клублари ўртасидаги ўйин ғолибига қарши майдонга тушади.

Дарвоқе, Луис Энрике жамоаси кетма-кет иккинчи йил Чемпионлар лигаси ярим финалига йўл олди.

Маълумот ўрнида: “Барселона“ ёки “ПСЖ“ бу мавсумда камида тўртта турнирда ғалаба қозониш имкониятини сақлаб қолди. Аниқроғи, “Барселона“ ҳисобида ҳозир Испания Суперкубоги мавжуд ва улар Ла Лигада пешқадамлик қилмоқда ҳамда мамлакат кубоги финалига йўл олди. “ПСЖ“ эса Франция чемпиони бўлди ва мамлакат Суперкубогига эга чиқди. Шунингдек, парижликлар Франция кубоги финалида ўйнайди. Шунингдек, бу жамоалар бу йилги Чемпионлар лигасида ҳам зафар қучиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бугун тунда ЕЧЛ чорак финалидан ўрин олган. “Реал” – “Арсенал”, “Интер” – “Бавария” клублари ўртасида жавоб ўйини ўтказилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА