Футболчиларимиз финал йўлланмаси учун КХДР билан ўйнайди

113

Саудия Арабистони мезбонлигида ўтаётган U17 ёш тоифасидаги Осиё кубоги баҳсларида ярим финал иштирокчилари маълум бўлди.

Аввалроқ, Ўзбекистон ва Судия Арабистони U17 терма жамоалари мазкур босқичга йўл олгани ҳақида хабар берган эдик. Куни кеча КХДР ва Жанубий Корея термалари чорак финал баҳсларидан муваффақиятли ўтди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоасининг ярим финалдаги рақиби КХДР бўлди. Финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйин 17 апрель куни Тошкент вақти билан соат 22:15да Тоиф шаҳридаги “Қирол Фаҳд“ стадионида старт олади. Дарвоқе, шу куни Саудия Арабистони ва Жанубий Корея термалари ҳам ярим финал учрашувида майдонга тушади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Қатар мезбонлигида ўтадиган мундиалда иштирок этадиган барча жамоаларнинг номи аниқ бўлиб улгурди:

Осиё: Қатар (мезбон), Индонезия, Япония, КХДР, Корея Республикаси, Саудия Арабистони, Тожикистон, БАА ва Ўзбекистон;

Африка: Буркина-Фасо, Кот-дʼИвуар, Миср, Мали, Марокаш, Сенегал, Жанубий Африка, Тунис, Уганда, Замбия;

Конкакаф: Канада, Коста-Рика, Эль-Сальвадор, Гаити, Гондурас, Мексика, Панама, АҚШ;

Жанубий Америка: Боливия, Бразилия, Чили, Колумбия, Парагвай, Венесуэла, Аргентина;

Океания: Фижи, Янги Каледония, Янги Зеландия;

Европа: Австрия, Бельгия, Хорватия, Чехия, Англия, Франция, Германия, Италия, Португалия, Ирландия Республикаси, Швейцария.

Энди ушбу жамоалар 12 та гуруҳга бўлинади ва ҳар бир гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри плей-оффга чиқса, учинчи ўринни эгаллаган энг яхши саккизта жамоа улар ортидан йўл олади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА