Эзгу ишлари ёдга олинди

369

Хўжайли туманидаги 6-сонли умумтаълим мактабида давлат арбоби Пиржан Халмуратовнинг 100 ёшга тўлиши муносабати билан «Элнинг номини – эр чиқаради» номли тадбир бўлиб ўтди.

Унда П.Халмуратов билан бирга ишлаган нуронийлар, жамоатчилик вакиллари, фарзандлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Пиржан Халмуратов 1925 йилнинг 1 январида Қўнғирот туманининг Қонликўл қишлоғида (ҳозирги «Киндик ўзак» ширкатлар уюшмаси) дунёга келди. 1932-1936 йиллари қишлоқ бошланғич мактабини, сўнгра Қўнғиротдаги  ўрта мактабнинг еттинчи синфини тугатиб, Хўжайли педагогика билим юртида таълим олди. 1942-1946 йиллари Қўнғирот туманидаги мактабларда ўқитувчи, директор бўлиб ишлади.

1950 йилда Тошкент юридик институтини тамомлаб, ўша йилнинг ўзида Қораўзак туманига прокурор этиб тайинланди.

Орадан кўп вақт ўтмай Нукус шаҳри прокурори, туманларнинг йириклашиши муносабати билан Хўжайли туманлараро прокурори, Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлади. 1962 йили Кегейли туман партия қўмитасининг биринчи котиби этиб сайланди. 1973 йили республика раҳбарлари Пиржан Халмуратовни Хўжайли туманига раҳбар этиб тасдиқлади. Унинг тинимсиз меҳнатлари туфайли Хўжайли тумани ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳар томонлама ривожланиб, аҳолининг турмуш шароити анча кўтарилди. Туманда йирик қурилишлар қилиниб, мактаблар, таълим масканлари бинолари, меҳмонхона, ҳукумат уйи, марказий шифохона, алоқа уйи, кўп қаватли уйлар қурилди.

Тадбирда П.Холмуратов билан бирга ишлаган нуронийлар ҳам сўзга чиқиб, у ҳақда илиқ фикрларини билдириб, ёшларга қимматли маслаҳатларини берди.





Тадбир ўқувчилар ижросидаги саҳна кўринишлари, рақслар билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги