Қандай қилиб эрта турмушга чиқиш ва ажримларнинг олдини оламиз?

208

Хотин-қизлар – фарзанд тарбиячиси бўлиши билан бирга, давлат ва жамият бошқарувида ўзларининг бой билими, тажрибаси ва куч-ғайратини сафарбар этадиган улкан салоҳиятга эга жамиятимизнинг фаол аъзоларидир. Шу боис хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ислоҳотларда уларнинг бевосита иштирокини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг сайловолди дастурида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, давлат бошқарувидаги ўрни ва таъсирини ошириш масаласи дастурларда устувор йўналиш сифатида эътиборга олиниши, шунингдек, хотин-қизларнинг оиладаги ўрнини мустаҳкамлаш тарафдори эканлиги белгиланган.

Шу қаторда, партиянинг 2025 йилга белгиланган иш режасида эрта никоҳ, вояга етмаган қизларга совчилик жўнатиш каби салбий иллатларнинг олдини олишга қаратилган «Эрта турмуш – қадрият эмас!» акциясини ўтказиш ҳамда олий таълим муассасаларида турмушга чиққан талабалар ва талаба оналар учун қулай шарт-шароитлар яратилиши бўйича назорат-таҳлил тартибида ўрганишларни олиб бориш вазифаси белгиланган.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг «Сиёсатчи аёллар клуби» аъзолари иштирокида, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда эрта никоҳ, вояга етмаган қизларга совчи жўнатиш каби салбий иллатларнинг олдини олиш тўғрисида жамоатчилик эшитувини ташкил этиш, олий таълим муассасаларида талаба оналар учун яратилган шароитларни махсус сўровномалар асосида ўрганиш режалаштирилган.

Нукус шаҳридаги «Дўстлик» уйида режада белгиланган ушбу вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Т.Романов олиб борди.

Тадбирда депутатлар, тегишли вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари, маҳалла ходимлари, партия вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар уч нафар қиздан бири таълим ёшида, яъни 20 ёшга тўлмасдан турмушга чиқади. Қизларнинг турмушга чиқиш ва таълим олиш ёши 18-22 ёшни ташкил этади.

Талабалар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани ҳисобидан, оилали талаба-аёлларни қўллаб-қувватлаш зарурати ҳам ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда олий ўқув юртлари сони 3 баробар кўпайди. Тизимда қамров 42 фоизга ошди. Бир нафар аёлнинг таълим олиши учун контракт тўлови давлат томонидан қоплаб берилаётгани ҳисобига талаба-қизлар сони шу кунга келиб ўн бир баробарга кўпайган. 2024 йилда 305 мингдан ортиқ никоҳ қайд этилган бўлса, шундан 93,2 минг ҳолатда келинлар ҳали 20 ёшга тўлмаган.

Шу билан бирга, «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти маълумотига кўра, сўнгги икки йилда талаба оналар ўртасида ажримлар сони ошган.

Тадбирда ушбу салбий ҳолатларнинг олдини олиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Олий таълим муассасалари томонидан талаба оналарнинг оила ва ўқишни бир вақтнинг ўзида муваффақиятли олиб бориши, сифатли таълим олиши ва карера қилиши учун имкониятларни кенгайтириш, талаба оналарнинг ўқув жараёнларига тўсқинликсиз иштирок этишига кўмаклашиш, ОТМларда талаба оналар учун инфратузилма яратиш, хусусан, боғчалар, оналар учун махсус хоналар ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш юзасидан ҳам қатор фикр-таклифлар билдирилди.

Шу билан бирга, тадбирда талабаларнинг оилага оид қадриятларга муносабатини янада кучайтириш ва оила институтини мустаҳкамлаш, ота-оналар орасида қизларини таълим олиш ёшида турмушга бермасликни тарғиб қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.



Тадбир фикр-мулоҳазалар билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги