Хориж кутубхоналарида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид матнларни ўқий оладиган мутахассислар тайёрланади

168

Фанлар академияси Тарих институтида Хитой Ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё тадқиқотлари институти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Дилноза Жамолова ва Марказий Осиё тадқиқотлари институти директори ўринбосари Ли Чженли ўзаро ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, Хитойдаги архив, музей ва кутубхоналарда сақланаётган, Ўзбекистон тарихига оид манбалар билан биргаликда ишлаш, қадимги хитойча матнларни ўқий оладиган мутахассислар тайёрлаш, минтақамиз тарихи ҳақида Хитойда чоп этилган илмий адабиётларни олиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, туркий халқлар, Марказий Осиё халқлари ва Ўзбекистон-Хитой муносабатлари тарихи бўйича қўшма тадқиқотлар олиб боришга ҳам келишиб олинди.

Н.Раҳмонова, ЎзА