Жойлардаги солиқ билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмоқда

Тахиатош туманида бугунги кунда 360 дан ортиқ кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Кичик ва ўрта бизнес ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиёти ҳажмининг ярмидан кўпи, саноат ва экспортнинг учдан бир қисми ушбу кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бу борада фаолият юритаётган тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, ўз салоҳиятини тўлиқ ишга солиши учун зарур шароитларни яратиш мақсадида республикамиз бўйлаб кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи Халмурза Бекчанов тақиятошлик тадбиркорлар билан учрашувида ҳам хусусий сектор вакилларига берилаётган имкониятлар, мавжуд муаммолар ҳақида фикр алмашди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ берилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбиркорларнинг солиқ имтиёзларидан фойдаланиши, солиқ ҳисоботлари, маъмурий ҳуқуқбузарлик, кредит ва солиқ ставкалари билан боғлиқ муаммо ва таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.





Иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланиб, улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги