Орол денгизининг муҳим экологик аҳамияти

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ва Глобал Атроф-муҳит жамғармасининг “Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзулга учраган ерларида барқарор ҳаётни таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган асос сифатида кўллар, сув-ботқоқ ва қирғоқбўйи ҳудудларини сақлаш ҳамда бошқариш” “Aral Sea Wetlands” қўшма лойиҳаси доирасида 3 минг 400 туп дарахт ва буталар кўчатлари Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги ва Қуйи Амударё давлат биосфера резерватига ажратилди.
Мазкур ташаббус Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё вилоятида ўрмон ва боғ кўчатларини кенгайтириш, Оролбўйи ҳудудининг экологик барқарорлигини мустаҳкамлаш ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтиришга қаратилган.
Табиий ресурсларни барқарор бошқаришнинг самарали воситаларидан бири бу ўрмонлар барпо этиш бўлиб, у тупроқнинг унумдор қатламини тиклаш ва ер деградацияси нейтраллиги (YDN) мақсадларига эришишга ёрдам беради. Ўзбекистоннинг экологик нуқтаи назардан энг заиф минтақаларидан бири бўлган Оролбўйида экологик вазиятни яхшилашда “яшил белбоғлар”нинг яратилиши муҳим аҳамият касб этади.
“Aral Sea Wetlands” лойиҳаси доирасида Қуйи Амударё ва Орол денгизи ҳавзаларида экологик барқарорликни ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсад қилинган. Асосий эътибор ер деградациясининг олдини олиш ва муҳофаза этиладиган ҳудудлар, асосий биологик хилма-хиллик ҳудудлари ва қушлар йўллари атрофида сув ва ерни комплекс бошқаришга қаратилган.
Орол денгизи ҳавзаси фожиали даражада саёзлигига қарамай, ҳали ҳам муҳим экологик аҳамиятга эга. 3 минг 400 туп мевали дарахт кўчати боғлар ва дарахтзорлар майдонини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда вилоят фаунасини янада бойитиш имконини беради. Бу келгусида Оролбўйида озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни мустаҳкамлайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА