Қирғизистон ТИВ Москвага нота йўллади

242

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисига республика фуқароларининг Москвада ҳибсга олиниши бўйича изоҳ сўраб, нота топширди. Бу ҳақда қардош давлат ташқи сиёсат идораси матбуот хизмати хабар берди.

– Россия томонига ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган амалиёт, шунингдек фуқароларга нисбатан куч қўллаш асоси тўғрисида маълумот бериш, агар куч ишлатиш ноқонуний бўлса, ҳодиса юзасидан Москва шаҳри ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига нисбатан тегишли чора кўриш талаби билан расмий нота берилди, – дейилган баёнотда.

Ҳужжатда Қирғизистон фуқаролари ҳуқуқини ҳимоя қилиш, икки мамлакат муносабатига путур етказиши мумкин бўлган бундай ҳолатлар такрорланмаслиги чораларини кўриш шартлиги таъкидланган.

Маълум қилинишича, 11 апрель куни Москвадаги “Бодрость” ҳаммомида Қирғиз Республикаси фуқаролари қўлга олинган. Кейинроқ Қирғизистон Меҳнат вазирлиги аниқлик киритишича, жами ушланган 24 кишидан 20 нафари кейин қўйиб юборилган, тўрт киши эса Россиядан депортация қилинган.