Бокуда 5 нафар боксчимиз олтин медаль учун жанг қилади

Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган анъанавий “Буюк ипак йўли” халқаро турнирида мамлакатимиз терма жамоасининг 5 нафар аъзоси финал йўлланмасини қўлга киритди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, мазкур нуфузли турнирнинг сўнгги ҳал қилувчи финалига йўл олган чарм қўлқоп усталаримиз бугун олтин медаллар учун рингга кўтарилади. Унда вазни -48 кг. бўлган Жасмин Тоҳирова россиялик Лиа Патлаи билан жанг қилса, -50 кг. вазндаги Сабина Бобоқулова мезбонлар вакили Маржона Савриевага қарши рақобатлашади. -57 кг.да мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Нодирбек Аллаберганов россиялик Эдуард Саввин билан, -63,5 кг. вазн тоифасида эса Саят Илясов бошқа бир рус боксчиси Сандан Сандановга қарши беллашади. Вазни -86 кг. бўлган Жасурбек Йўлдошев ҳам Россия терма жамоаси аъзоси Тимур Гамзатовга қарши куч синашади.

Куни кеча ўтказилган ярим финал жангларида мағлубиятга учраган Беҳруз Холдоров, Шаҳзод Музаффаров, Сардор Абдумуталиёв, Бекзод Ҳамидов, Узукжамол Юнусова, Ойша Тоирова ҳамда Олтиной Сотимбоева ўз вазн тоифаларида бронза медали билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА