FIVB йиғилишида 7 июль Бутунжаҳон волейбол куни сифатида белгиланди

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўтказилган Халқаро волейбол федерацияси (FIVB) Ижроия қўмитаси йиғилиши 7 июль санаси Бутунжаҳон волейбол куни сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади.
Халқаро олимпия қўмитасининг амалдаги президенти Томас Бах ва ХОҚнинг янги сайланган президенти Кирсти Ковентри, шунингдек, Халқаро волейбол федерацияси (FIVB) Ижроия қўмитаси аъзолари қатнашган йиғилиш давомида жорий 2025 йили эркаклар ва аёллар ўртасидаги, шунингдек, U17, U19 ва U21 ёш тоифаларидаги жаҳон чемпионатларига кўрилаётган тайёргарлик ишлари таҳлил этилди.
Йиғилишда 2025 йилги волейбол ва соҳил волейболи бўйича қизиқарли тадбирлар тақвими тўлиқ таништирилди. Асосий чемпионатлар қаторига Филиппин ва Таиландда бўлиб ўтадиган эркаклар ва аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати, соҳил волейболи бўйича 2025 йили Австралиянинг Аделаида шаҳридаги жаҳон чемпионати, U19 ўсмирлар ўртасида Тошкентда ва U19 қизлар ўртасида Белградда бўладиган жаҳон чемпионати каби нуфузли мусобақалар тилга олинди.

FIVB Ижроия қўмитаси йиғилиши давомида миллий терма жамоалар, қитъавий конфедерациялар ва мамлакат федерацияларининг жаҳон рейтингини кенгайтириш масаласида халқаро волейбол ландшафтига мос келадиган жаҳон рейтинги тизими бўйича таклифни маъқуллади.
Янги таклиф киритилган тадбирлар тоифалари сонини кенгайтиради ва миллий терма жамоалар иштирокини оширишга ёрдам беради. Бу, жамоаларнинг техник кўрсаткичларини тўғри баҳолашни таъминлайди ҳамда уларнинг тараққиёти ва ривожланишини кузатиш учун ишончли восита ҳисобланади.
Янги тузилмага кўра, ҳар бир қитъа волейбол конфедерацияси жаҳон рейтингига икки йиллик континентал тадбирларни киритиши мумкин, ҳар бир зона уюшмаси эса бир йиллик минтақавий тадбирни ўз ичига олиши билан аҳамиятли. Жаҳон рейтинг очколарига эга бўлиш учун камида тўртта катталар терма жамоаси расмий мусобақаларда қатнашиши лозим бўлади.

Яна бир муҳим ўзгариш жамоанинг ҳаракатсизлиги билан боғлиқ. Илгари жамоалар мусобақасиз бир йил ўтгандан сўнг фаол эмас деб ҳисобланарди. Кенгаш маъқуллаганидан кейин бу муддат 2025 йилдан бошлаб икки йилга узайтирилди.
Ижроия қўмита Халқаро волейбол федерацияси (FIVB)нинг 2026 йилги 40-конгресси Доминикан республикасида ўтишини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, волейбол бўйича U19 ўсмирлар жамоалари ўртасида Ўзбекистонда бўладиган жаҳон чемпионати жорий йилнинг 24 июль-3 август кунлари ташкил этилиши белгиланган. Унда дунёнинг 24 давлат терма жамоаси иштирок этади.
Т.Рўзиев, ЎзА