Балиқчилик соҳасида халқаро ҳамкорлик

208

Европа-Осиё ҳайвонот боғлари аквариумларининг ҳудудий ассоциацияси(ЕАРАЗА)нинг Евросиёдаги энг камёб осётр балиқларини сақлаш дастури куратори Алексей Черняк Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Нукус филиалига ташриф буюрди.

Ташрифда меҳмон филиал раҳбарияти билан балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича музокаралар олиб борди. Мулоқот чоғида балиқчилик соҳасида қўшма илмий-амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Алексей Черняк филиал ҳудудидаги сунъий ҳавзалар ва ўқув-лабораториялар билан яқиндан танишди. У ердаги илмий-амалий база меҳмон томонидан ижобий баҳоланди. Айниқса, зооинженерия йўналишида таҳсил олаётган талаба-ёшлар учун бундай учрашув катта аҳамият касб этди. Улар назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, камёб балиқ турларини сақлаш ва кўпайтириш бўйича замонавий тажрибалар билан танишиш имконига эга бўлди.

Ташриф давомида, Амударё ҳавзасига хос бўлган катта куракбурн балиқ турларини сақлаш ва кўпайтириш борасида ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олинди. Ташриф якунида томонлар балиқчилик соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро келишувга эришди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.