БААни таслим қилган футболчиларимиз ярим финалга йўл олди

108

Футбол бўйича Саудия Арабистонида ўтаётган 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубогида дастлабки ярим финал босқичига йўл олган терма жамоалар номи аниқ бўлди.

Кубокнинг чорак финалида ушбу ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоаси БАА термасига қарши майдонга тушди. Учрашувнинг 14-дақиқасида Асилбек Алиев жарима зарбасидан рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, 36-дақиқада терма жамоамизнинг ўйиндаги иккинчи голига муаллифлик қилди. Шунингдек, биринчи бўлимга қўшиб берилган 4-дақиқада Сайфиддин Содиқов пенальтидан унумли фойдаланиб, ҳисобни 3:0 кўринишига олиб келди.

Бироқ иккинчи бўлимнинг 67-дақиқасида Муҳаммад Бути дарвозамизга гол урди. Шу тариқа мазкур учрашув 3:1 ҳисобида якунланди.

Чорак финал доирасида Саудия Арабистони ва Япония терма жамоалари баҳсида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Аммо пенальтилар сериясида саудиялик футболчилар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бугун, 14 апрель куни Индонезия ва КХДР, Тожикистон ҳамда Жанубий Корея ўсмирлар терма жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.

Маълумот ўрнида: Индонезия – КХДР ўртасидаги ўйин ғолиби Ислом Исмоилов бошчилигидаги термамизга қарши ярим финалда рақобатлашади. Тожикистон – Жанубий Корея баҳсида ғалаба қозонган жамоа мезбонлар билан финал йўлланмаси учун куч синашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА