Муносабат

Туризм соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётидаги стратегик тармоқлардан бири саналади. Шу боис, сўнгги йилларда туризм инфратузилмаси ривожланиб, хорижий сайёҳлар оқими ортиб бормоқда. Мамлакатимизнинг туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3 миллиард 500 миллион долларга етди, бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди.

Бироқ, таҳлиллар мамлакатимиз ҳудудларининг туризм салоҳияти ҳали тўлиқ рўёбга чиқмаганлигини кўрсатмоқда. Туристик имкониятлар асосан Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби йирик шаҳарларга тўпланган. Шу боис, ҳудудий туризмни ривожлантириш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.

Жорий йил 9 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда соҳада эришилган ютуқлар таҳлил қилиниб галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланиб, ўтган 8 йилда 6 миллиард 500 миллион доллар сармоя киритилиб, 130 мингта меҳмон ўрни очилган. Бугунги кунда 20 та туризм қишлоғи фаолият юритаяпти. Аммо, юртимиз тарихи, маданияти ва табиатига асосланиб, сайёҳларни яна 2-3 карра кўпайтириш имкони мавжуд. Бироқ, айрим ҳудудларда йўл ва транспорт ноқулайлиги, кўнгилочар жойлар ва қизиқарли дастурлар етишмаслиги ҳамда масъулларнинг эътиборсизлиги сабаб соҳада оқсоқликлар кузатилмоқда.

Мисол учун Қорақалпоғистондаги Мўйноқ, Сурхондарёдаги Бойсун каби ҳудудлар ноанъанавий, экотуризм ва этнотуризм салоҳиятига эга. Аммо бу масканларнинг маркетинг, логистика ва инфратузилмавий жиҳатлари ҳали етарли даражада ривожлантирилмаганлиги учун сайёҳлар оқими камлигича қолмоқда.

Шу боис йиғилишда, жойлардаги имкониятларни юзага чиқариб, туризм йўналишларини кўпайтириш, сайёҳларга шароитларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилиниб, устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, мутасаддиларга 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. Шунингдек, соҳадаги салоҳиятли бозорлардан сайёҳларни жалб қилиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Муҳими бунинг учун дастлабки қадамлар ташланган. Президентнинг Францияга ташрифда 14 та янги замонавий “Airbus” самолётини харид қилиш, яна 5 тасини ижарага олишга келишилган, ҳозирда “Boeing” компанияси билан 12 та самолёт олиб келиш бўйича музокара бошланган. Кўрфаз давлатларига берилган 10 кунлик визасиз режим 30 кунга узайтирилмоқда. Натижада, бу ҳудудлардан сайёҳлар 5-6 карра кўпаяди. Бундан ташқари, Ҳиндистон, Покистон, Миср ва Эрондан келадиган сайёҳларга виза бериш тартиби енгиллаштирилиб, турфирмаларга рухсатномани Ягона интерактив портал орқали 10 кунда бериш тизими жорий қилинади.

Албатта, ушбу вазифалар ижроси нафақат юртимизнинг сайёҳлик ва туризм салоҳиятини ошириш, қолаверса иқтисодиётимиз юксалиши, минглаб янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилади. Боиси, бугунги таҳликали ва иқтисодий инқрозлар даврида яратилаётган иш ўринларининг катта қисми айнан туризм йўналишига тўғри келмоқда.

Йиғилишда хорижий сайёҳларни жалб қилиш билан биргаликда ички туризм имкониятларидан ҳам самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қартилди. Сабаби, сўнгги йилларда ички туризмга эътибор туфайли маҳаллий сайёҳлар сони 2017 йилги 5 миллиондан 2024 йил якунига келиб 23 миллионга етди. Бироқ бу борада ҳам имкониятлар тўлиқ ишга солинмаган. Президент томонидан ички туризм хизматларини диверсификация қилиш ва ҳажмини кескин кўпайтириш, фуқароларни мамлакатимизнинг туризм салоҳияти билан таништириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор халқчил ташаббуслар илгари сурилди.

Булардан бири бу – ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси – “оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни сифатида белгиланганлигидир. Ушбу ташаббус замирида катта мақсад ва маъно мужассам. Чунки, оила ҳар бир инсоннинг таянчи ва руҳи. Биргаликда саёҳат қилиш – муносабатларни мустаҳкамлайди, болаларга тарбия, катталарга тинчлик бахш этади.

Меҳнат жамоаси иш жойимиздаги иккинчи оиламиз ҳисобланади. Биргаликда дам олиш иш муҳитини яхшилайди, ўзаро тушунишни кучайтиради, янги ғоялар беради. Табиат эса инсон саломатлиги ва хотиржамлиги учун энг яхши табиий терапиядир. Сайрлар стрессни камайтиради, ақлий ва жисмоний фаолликни тиклайди.

Қолаверса, эндиликда ички туризм ривожида ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳам ўрни юқори бўлади. Боиси, Президент ёшлар ўртасидаги мусобақа ғолибларига “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” йўлланмасини совға қилишни ташаббус қилди. Ҳар йили ички туризм тарғиботини кенгайтиришга 20 миллиард сўм ажратилади. Республиканинг барча тарихий обидаларига кириш имконини берадиган “ягона туристик карта” жорий қилинади. Шу билан бирга, туризм объектларига кириш чиқишда шаффоликни таъминлаш мақсадида барча объектларда кириб-чиқишни автоматик ҳисобга оладиган мосламалар ўрнатилади.

Умуман олганда, жорий йилда хориждан 15 миллион турист жалб қилиниб, экспорт 4 миллиард долларга етказилади. 635 та меҳмонхона ва меҳмон уйлари ишга туширилиб, 50 мингта янги иш ўрни яратилади. Туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш мақсадида апрель ойда Жиззахда, июнь ойида эса Тошкент шаҳрида халқаро инвестиция форумлари ўтказилади.

Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси мамлакатнинг умумий иқтисодий ривожига ҳисса қўшиш, янги иш ўринлари яратиш ва Ўзбекистон брендини жаҳон миқёсида мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнларнинг соҳага ва ҳаётимизга тўлақонли татбиқ этилиши эса биз халқ вакилларига катта масъулият юклайди. Боиси, ҳар биримиз ўз ҳудудимиздаги маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда туризм дастурларини ишлаб чиқишдан то ижроси таъминланмагунча парламент ва депутатлик назорати орқали масъуллар ҳисобдорлигини таъминлашимиз лозим.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

ЎзА