Туризмнинг қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш лозим

166

Юртимиз туризм салоҳияти юқори бўлган жаннатмакон ўлка ҳисобланади. Кўп минг йиллик бой тарихи, илмий-маданий мероси, маҳобатли ёдгорликлари ҳамда гўзал ва турфа хил табиати билан сайёҳларни ўзига ром этиб келади.

Мамлакатимизнинг бой сайёҳлик имкониятларидан самарали фойдаланиш эса иқтисодиётимиз мустаҳкамлигига хизмат қилади.

Шу йил 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида туризм йўналишидаги муҳим вазифалар муҳокама қилиниб, қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов ўз муносабатини баён қилди:

— Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини, айниқса, экотуризмни жадал ривожлантиришни тўлиқ рўёбга чиқариш ва хорижий инвестиция лойиҳаларини янада жадаллаштириш йўлида муҳим стратегик ташаббус сифатида тарихда қолади.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган аниқ вазифа ва устувор йўналишлар мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида мавжуд туристик ресурсларни аниқлаш, уларни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, хориждан ташриф буюрадиган меҳмонларни аждодларимиз қолдирган бой тарихий мерос билан яқиндан таништириш, шунингдек, миллий гастрономик туризм ҳамда экотуризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уларни янада ривожлантириш муҳим эканига эътибор қаратилди.

Шунингдек, хорижий инвесторлар учун янада қулай ва шаффоф муҳит яратиш, инвестициявий салоҳиятни тўлиқ ишга солишга оид топшириқлар қонунчилик жараёнларида ҳам тизимли янгиланишларни талаб этиши билан аҳамиятли. Бу эса, ўз навбатида, депутатлар сифатида бизга қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, тадбиркорлар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ташаббусларни қўллаб-қувватлаш вазифасини юклайди.

Ушбу йиғилишда белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда парламент ва ҳукумат органлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Қонунчилик палатаси вакиллари сифатида биз мазкур ислоҳотларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, ижро жараёнини назорат қилиш ва халқ манфаатларини таъминлашда фаол иштирок этамиз.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди. ЎзА