Депутат ҳисобот берди: Энг холис баҳо сайловчилар фикрида намоён бўлади

Демократик жамиятда сайловчилар ўз вакиллари фаолиятини кузатиш ва баҳолаш ҳуқуқига эга. Шу нуқтаи назардан, депутатларнинг ўз сайловчиларига ҳисобот бериши муҳим аҳамиятга эга.
Бу жараён нафақат депутатнинг масъулиятини оширади, балки сайловчилар билан очиқ ва самарали алоқани таъминлаб, билдирилган ишончни тўлақонли оқлаш йўлида фаолиятини таҳлил қилиш имконини беради.
Нукус шаҳар «Қутли макан» МФЙ ҳудудида жойлашган 35-сонли умумтаълим мактабида партиямиз фаоли, Қорақалпоғистон Республикаси Жүқорғи Кенгеси депутати Мурат Атамуратовнинг сайловчилар билан учрашуви ҳам юқоридаги жиҳатларга кўра аҳамиятли бўлди.
Дастлаб тадбирда сўз олган «Қутли макан» МФЙ раиси Замира Қутлимуратова сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритар экан, депутатлар халқ вакиллари сифатида ўз сайловчилари олдида ҳисобдорлиги, уларнинг фаолиятига асл баҳони сайловчилар бериши ва, албатта, ҳисобот бераётган депутат билан биргаликда унинг партияси учун ҳам бирдек аҳамиятли эканлигини таъкидлаб ўтди.
Депутат сайланган 2- «А.Досназаров» сайлов округи жойлашган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари ҳамда сайловчилар, шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, жамоатчилик фаоллари, фахрийлар иштирок этган тадбирда депутат Мурат Атамуратовнинг 2025 йилнинг биринчи чорак давридаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида депутат ўз фаолиятини мамлакатимиз қонунчилигининг асоси – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ундан келиб чиқадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва албатта, партия Сайловолди дастурида белгиланган «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун» тамойилини ҳаётга жорий этиш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчиллик билан ошириш, ижтимоий соҳа, фуқаролар соғлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, инфраструктурани такомиллаштириш, фан ва таълим соҳасини ривожлантириш, оилани, давлат ёшлар сиёсатини мустаҳкамлаш бўйича устувор мақсадлар асосида самарали ташкил этиб, бу борада салмоқли натижаларга эришган.
Жумладан, депутат томонидан ўтган даврда 50 дан ортиқ фуқаролар мурожаатлари юзасидан қабуллар ташкил этилиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган масалаларга ижобий ечим топилган.
Шу билан бирга, ҳудуддаги маҳаллаларнинг кўчалари, тротуар йўлаклари ҳамда улардаги ёритиш тизимларида аниқланган камчиликлар борасида сайловчиларнинг депутатимизга қилган мурожаатлари тегишли тартибда ташкил этилган амалий чоралар натижасида изчил равишда бартараф этилган.
Ташаббускор депутатимизнинг фаолиятига бағишланган сарҳисоб тадбири унинг ҳудуддаги кўплаб масалаларда сайловчилар ишончини оқлаши, аҳолини рози қилишга қаратилган амалий ишлари билан аҳамиятли бўлди. Қолаверса, келгусидаги муҳим вазифа ва мақсадлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.





Шунингдек, депутат 2025 йил режалари, маҳалла аҳлини қийнаётган муаммолар билан ҳам ўртоқлашди. Кўп йиллардан бери эътибордан четда қолиб келаётган ички кўчаларга асфальт ётқизиш, эскирган симёғочларни янгисига алмаштириш, трансформатор ўрнатиш, томорқа ерларини суғориш ва кадастр масалалари, маҳалладаги “Гулжан”, «Аязқала», «Толискўл», «Жуйрикбас», “Наўше” ва «А.Отениязов» кўчалари бўйига светофор, пиёдалар ўтиш йўли ва тезликни пасайтирувчи ўтиш йўлагини ўрнатиш ва 35-сонли мактабга замонавий ошхона қуриб бериш бўйича мурожаатлар ечими ўрганилди.
Ҳисобот учрашуви давомида аҳолининг муаммолари ва мурожаатлари юзасидан мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилган ҳолда амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Албатта, депутат фаолиятига ҳақиқий баҳони сайловчилар беради. Тадбирда сўз олган ҳудуддаги МФЙ раислари ҳамда сайловчилар депутат Мурат Атамуратовнинг фаолиятини ижобий баҳолаб, унинг ўтган даврдаги фаолияти билан боғлиқ қатор ижобий мисолларни айтиб ўтишди.
Умуман олганда, халқ вакили бугунги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, айрим соҳа ва тизимларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этишда, электорат манфаатини ҳимоя қилишда зиммасидаги масъулиятни бажармоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги