Фикр: Барча шароит бор, фақат ҳалол хизмат қилиш керак

194

 

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида божхона органлари ходимлари ўртасида коррупцияга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича ходимларнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқлари, яқин қариндошлари иштирокида навбатдаги профилактик учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи З.Турдалиев сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор натижасида барча божхона бошқармалари ва божхона постларининг инфратузилмаси тубдан янгиланганлиги, ходимлар учун муносиб хизмат шароитлари яратилганлиги, замонавий офис, ахборот технологиялари ва мебел жиҳозлари билан тўлиқ таъминланганлигини таъкидлади. Тизимдаги ходимларнинг коррупция йўлига кириб қолмаслиги учун ходимлар билан бир қаторда унинг яқинлари, оила аъзолари ҳам масъул эканлиги, бу иллатга қарши ходимнинг оила аъзолари билан биргаликда курашиш зарурлиги, ҳалол, пок хизмат ҳисобидан келаётган ризқ-рўздан ортиқ ҳеч нарса йўқлиги ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Очиқ давра суҳбати шаклида ўтган учрашувда ходимларнинг ота-оналари ҳам тизимдаги ислоҳотлардан мамнунлигини билдириб, оилавий муҳитни янада яхшилаш фарзандларининг иш самарадорлигига, ҳалол ва пок хизмат қилишига ижобий таъсир қилишини, божхона органлари ва оила институтлари ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди.

– Оила муқаддас даргоҳ. Ҳар бир инсоннинг иш самарадорлиги оиласидаги тинчлик, хотиржамлик, оилавий муҳитга бевосита боғлиқ. Оиладаги тушунмовчиликлар, етишмовчиликлар, ҳаддан зиёд ортиқча юклама ва эҳтиёжлар ходимнинг коррупция иллатига мойиллигини шакллантирувчи омил ҳисобланади, – дейди бошқарма бошлиғи, божхона хизмати полковниги З.Турдалиев.





Ўйлаймизки, бундай учрашувлар божхона органлари ва ходимларнинг оила аъзолари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, оилавий тинчлик ва тотувликни таъминлашга, шунингдек, ходимлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиб, ўз хизмат вазифаларини янада сидқидилдан бажаришга ундайди.

Божхона ходимларининг ота-оналари ва оила аъзоларига коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича аноним сўровномалар тақдим этилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги