Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг учинчи сессияси тўғрисида ахборот

311

Жорий йил 11 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ҳукумат аъзолари, сектор ва соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари ижро этилди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев очди ва бошқариб борди.

Сессия «Қорақалпоғистон» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирдан бериб борилди.

Сессия кун тартибидаги дастлабки масала Қорақалпоғистон Республикасининг «Ер тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси А.Жуманазаров маъруза қилди. Мазкур Қонун лойиҳаси билан «Ер тўғрисида»ги Қонуннинг қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.



Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Қорақалпоғистон Республикасига инвестицияларни янада кенг жалб қилиш ҳамда ҳудуднинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Кун тартибидаги ушбу масала батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Парламент сўрови юбориш тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, туризм ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратов маъруза қилди.



Унда онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хорижий компанияларнинг дори воситаларини асоссиз буюртириш ҳолатларига чек қўйиш, соҳада бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасидаги салбий ҳолатларга олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитлар, уларнинг оқибатлари бўйича таҳлил қилинган ишлар ва бошқа масалалар кенг муҳокама қилинди. Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан махсус қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори талабларининг Қорақалпоғистон Республикасида ижро этилиши бўйича Вазирлар Кенгашининг ҳисоботи тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги вазири Ш.Тешаев маъруза қилди. Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.



Навбатдаги масала – фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 2024 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиевнинг ахбороти тингланди. Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси томонидан 2024 йил давомида амалга оширилган ишлари ҳақида Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Бош бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Бош бошқарма бошлиғи А.Исаков маъруза қилди.


Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 13 та тижорат банки ҳамда уларнинг шаҳар ва туманлардаги 89 та банк хизматларини кўрсатиш марказлари, мини банклари томонидан аҳолига замонавий банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. 2025 йилнинг 1 январь ҳолатига аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банклардаги депозитлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33,7 фоизга кўпайди.

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 2 млн. 550 мингтага, савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган тўлов терминаллари сони 21 минг 696 тага етди. Муаммоли кредит қарздорликларни қисқартириш бўйича ҳам чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Навбатдаги ушбу масала бўйича депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ҳудудларда бажарилиши бўйича Маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича бошқарма бошлиғи С.Турманов маъруза қилди. Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.


Сессия мажлисида Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорлари тасдиқланди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг учинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги