Енгилмас ирода ёки Жалгасбай Бердимуратов карьерасига қисқа штрихлар

196

Халқимиз азалдан ўзининг довюрак баҳодирлари, кучли полвонлари, серхуш қўшиқчилари билан бутун дунёга танилган. Ота-боболаримиздан қолган ушбу дастур бугунги куни ҳам давом этиб, ёшларимиз жаҳоннинг турли ҳудудларида ўтказиладиган халқаро мусобақа ва танловларда ўз маҳоратларини кўрсатиб келмоқда. Айниқса, сўнгги йиллари республикамиз ёшларининг қўлга киритаётган ютуқлари халқимизни хушнуд этиб, мамлакатимизнинг эртанги кунга бўлган ишончни оширмоқда.

Келажагидан катта умид кутаётган шундай бутун дунёга таниқли спортчиларнинг бири юнон-рум кураши бўйича икки марта Осиё чемпионы, 2022-йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинлари, 2021-йили Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўткан  Ислом бирдамлиги ўйинларининг ғолиби, 2019-йили Нур Султан (ҳозирги Астана), 2021-йили Белград шаҳрида ўтказилган жаҳон биринчиликларининг бронза ва кумуш медали эгаси Жалгасбай Бердимуратов бўлиб топилади.

1997-йилнинг 27-март куни Қораўзак туманининг энг чекка ҳудуди «Оталиқ» овулида яшовчи Қарлибай ва Зерханларнинг иккинчи фарзанди сифатида дунёга келган Жалгасбай ушбу элатнинг бошқа  болалари сингари спортга, шу жумладан, курашга қизиғиб ўсди. Жалгаснинг курашга тушишига бобоси Бердимурат, отаси Қарлибайларнинг овулдаги тўйларда курашга тўшиши, от миниб шобондозлик қилиши асосий сабабларнинг бири бўлса керак, деб ўйлаймиз.

-Кўпчиликда полвонлик одамнинг наслида бўлади,-дейди Жалгасбайнинг устози Рустам Ерназаров.-Жалгасбайнинг уруғидан  Турумбий, Айдос бий, Ерназар бийдек атоқли инсонлар, полвонлар яшаб ўткан. Шогирдимнинг полвон бўлишига ушбу омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, спортчи шундай катта ютуқларни қўлга киритиши учун, устози билан биргаликда машғулотлар олиб бориши, ўз устида кўпроқ меҳнат қилиши лозим. Шунинг билан бирга, ҳаётда учрайдиган қийинчиликлар ҳам инсонни тез вояга етказади.

Ҳақиқаттан ҳам, санани ҳаёт онгни юксалтиради, Жалгасбайнинг меҳнаткаш ва чидамли бўлиб ўсишига оиладаги турмуш тарзи ҳам сабаб бўлди деб айта оламиз.

9 ёшида отасининг вафот этиши Жалгасбайни дўстларидан олдин катта йигитга айлантирди. Овулнинг оғир турмушини бошдан ўтказган у акаси Ғайрат билан бирга, онасига ёрдамчи бўлиб, уйнинг мушкул юкини тортди. Ёзда шўп ўриб, мол боқса, қишда ўтин чопиб, олислардан уйига сув ташиди. Баҳор ва куз ойларида овулдошлари билан деҳқончилик қилиб, уни йиғиб-теришга ёрдам берди.

-Менга Жалгасни 7-синф пайтида онаси олиб келди, -дейди мураббий Рустам Ерназаров ўз сўзини давом этиб.-Унинг билан қўл беришиб кўришганимиз-оқ, боланинг билагида кучи борлигини сезган эдим. Шу пайит Жалгасбай билан гаплашганимда унинг курашга қобилиятли эканлигин сездим ва унга турли жисмоний машғулотларни ишлашни топширдим. Болакай айтганимни айткандек этиб бажарди ва уни шу йили Нукус Олимпия заҳиралари колледжига ўқишга қабул қилдик.

Устози Рустамнинг акалик меҳри ва қаттиқ қўллиги билан машғулотларга киришган Жалгасбай Қорақолпағистонда илгари уншалик кенг ривожланмаган юнон-рум кураши билан машғулотлар ўтказиб, республика миқёсидаги турнирларда иштирок эта бошлади. Дастлабки мусобақаларда унга омад кулиб боқмади. Шу сабабдан, у ҳар куни ўз устида тинимсиз машғулотлар ўтказишни тўқтатмоди.

-Ҳар куни илгари ишлаган машғулотларимни оғирлаштириб бора бердим. Масалан, бугун тонгда 3 кмга югуриб, 15 марта турникга тортилсом, эртасига 3300 метрга югуриб, турникга 16-17 марта тортилиб, ўзимни чиниқтириб бордим.

Ўқувчилик пайтлари коллежда таниқли спортчилар билан учрашувлар ўтказилар эди. Шундай учрашувларнинг бирида мамлакатимиз ифтихори Эркинбай оға  Қутибаев спортчиларнинг овқатланиш рациони, дам олиш ва машғулотлар режими тўғрисида маълумотлар берди. Мен уша пайтдан бошлаб ўзимнинг овқатланиш рационимга ва кунлик режимимга алоҳида эътибор қаратадиган бўлдим.

Айниқса, халқаро мусобақа ва ўқув-йиғинларига борганимизда отақли полвонларнинг овқатланиш рациони ва машғулотларини кузатиб бораман. Масалан, мен россиялик полвон, икки марта Олимпиада чемпиони Роман Власов билан бир залда машғулотлар ўтказганимизда, унинг ҳаракатларин сездирмастан кузатиб бордим. Мана шундай ўз устида кўплаб ишлаши натижасида, Жалгасбай дастлаб Қорақалпоғистон, сўнгра Ўзбекистон чемпионатларида ғолибликни қўлга киритди ва терма жамао аъзосига айланди.

Терма жамао сафида дастлаб, 2016-йили ўсмирлар ўртасида Осий биринчилигида 74 кг вазнда бронза медалини қўлга киритди ва жаҳон чемпионатига қатнашди. Лекин, унга бу мусобақада бираз тажириба етмади ва чемпионатни 13 ўрин билан якунлади.

2017-йили ўтказилган Осиё чемпионатида эса, у финалгача етиб келиб, олтин медал учун баҳсда қирғизстонли Ақжол Маҳмудовга мағлуб бўлди ва кумуш медални эгаллади. Шу йили Финляндиянинг Тампере шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида эса, ўзининг аввалги кўрсатган натижасини анча яхшилаб, 8-ўринни эгаллашга эришди.

2018-йили Бишкекда ўтказилган Осиё чемпионатида 77 кг вазнда курашга тушган Жалгасбай ярим финалгача етиб келиб, унда сўнгра мусобақа ғолиби бўлган хитойлик Ян Бинга мағлуб бўлди.

Шундан сўнг яна да машғулотларда кўпроқ ишлаган Жалгасбай  2019-йили Нур-Султан (ҳозирги Астана) шаҳрида ўтказилган жаҳон  чемпионатида 77 кг вазнда қозоғистанлик Асхат Дилмуҳаммедовни мағлуб этиб, бронза медалини қўлга киритди ва ЯпониянингТокио шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинларига йулланма олди.

2020-йили Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳридаги Осиё чемпионатида 82 кг вазнда бронза медалини, 2021-йили Олма-ота шаҳридаги Осиё чемпионатида олтин медални эгаллашга муваффақ бўлди ва спорт соҳасида эришган катта ютуқлари, ватанимиз олдидаги содиқ хизматлари учун 2021-йилнинг 30-июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Фармони билан «Шуҳрат» медали билан мукофатланди.

Афсуски, унга Олимпиада да бираз омад ва тажриба етишмади. Лекин, ушбу мағлубият унинг янги ғалабаларга бўлган иштиёқини сўндира олмади ва Жалгасбай ўз устида ишлашни давом этди.

Жумладан, у 2022-йили Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатда 87 кг вазнда кумуш, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида, Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган Ислом бирдамлиги ўйинларида олтин, Сербиянинг Белград шаҳридаги жаҳон чемпионатида 82 кг вазнда кумуш медалларни қўлга киритишга эришди.

Шундан сўнг, унинг спорт каръерасида пасайишлар юз берди. Шу жумладан, у 2023-йили Астана шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида эришган бронза медалидан сўнг, бир-неча йил ютуқларни қўлга кирита олмади.

-Шундай пайтлари курашни ташлаб кетсаммикан деган ўйларга бордим,-дейди Жалгасбай биз билан бўлган суҳбатида.-Лекин, мураббийларим ва яқинларим мени қўллаб-қувватлаб, ўзимга бўлган ишончни оширди. Натижада 2025-йили Иорданиянинг Амман шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медал эгасига айландим.Ушбу ғалаба, мани яна да олға бошлайди. Бош мақсадим, Олимпиада чемпиони бўлиш. Ортга йўл йуқ.

Бизниниг Жалгасбайдан куткан сўзимиз ҳам шу эди. Полвонимизнинг ушбу сўзига ҳеч нима қўша олмадик.

Адилбай Оразов,    

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси