Рақамли платформанинг имконият ва афзалликлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги «Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли транформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПҚ-162-сон қарори асосида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари йўлланмаларини шаффоф ва қулай тарзда онлайн сотиш ҳамда ушбу жараёнда коррупция омилларини бартараф этиш мақсадида «Oromgohlar.uz» электрон платформаси ишлаб чиқилди ҳамда 2024 йилда синов тариқасида ишга туширилди ва орттирилган тажриба асосида янада такомиллаштирилди.
Шунга асосан жорий йилдан ёзги дам олиш оромгоҳларига йўлланмалар тўлиғи билан онлайн орқали амалга оширилиши мақсад қилинган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашида бўлиб ўтган семинар тренингда ҳам айни жиҳатлар ҳақида сўз юритилди. Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши Раиси ўринбосари М.Данияров, ҳудудий департамент бошлиғи С.Ўтеулиев, тармоқнинг масъул ташкилотчилари, қўмита, кенгаш раҳбарлари ва ҳисобчилар, “Ўзнефтегаз”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, маҳалла уюшмаси, мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан вакиллар иштирок этди.
Ўтказилган тадбирда болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг йўлланмаларини электрон платформага жойлаштириш, уни сотиб олинишини жисмоний ва юридик шахслар томонидан онлайн амалга ошириш, ҳисобот ва статистик маълумотларни мазкур электрон базадан олиш тартиблари бўйича батафсил тушунчалар берилди.
Шунингдек, тадбирда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти директорининг молия-иқтисод ва режалаштириш масалалари бўйича ўринбосари О. Мирзамаҳмудов , департаментнинг маркетинг ва савдо бўлими бошлиғи Э. Муродова, ушбу бўлим бош мутахассиси С.Бековалар сўзга чиқди ҳамда болаларнинг ёзги дам олишларини ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсияларини берди.


Семинар якунида иштирокчилар томонидан платформанинг имкониятлари юзасидан ижобий фикрлар билдирилди ва бугунги кунда рақамли технологиялар асосида болаларнинг дам олиши соҳасидаги ишларни самарали ташкил этиш учун «Oromgohlar.uz» платформаси муҳим восита эканлиги қайд этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги