Иқлим масаласи – парламентарийлар нигоҳида

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида «Иқлим ҳаракати бўйича парламент мулоқоти ва тарғиботини кучайтириш» мавзусида махсус «сайд-эвент» ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва «яшил» иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссияси иштирок этди.

«Сайд-эвент» давомида иқлим ўзгаришининг глобал миқёсдаги салбий оқибатлари, унинг инсон саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва табиий ресурсларга таъсири муҳокама қилинди.

Иштирокчилар, жумладан, турли мамлакатлар парламент вакиллари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иқлим ўзгариши борасида парламентларнинг роли, қонунчилик ташаббуслари ва самарали коммуникация усуллари ҳақида ўз фикрларини билдирди.


Тадбирда иқлим масалаларини парламент даражасида муҳокама қилишни кучайтириш, бу борада жамоатчилик билан очиқ ва тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, депутатлар ўртасида иқлим дипломатиясини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
М.Комилова, ЎзА