Давлатлараро ҳамкорликдаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда парламентлараро мулоқотнинг ўрни юқори

94

Муносабат

2025 йилнинг апрель ойи Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун тарихий сиёсий воқеа билан ёдда қолмоқда. Сабаби, илк бор дунёдаги энг қадимий ва нуфузли парламент ташкилоти – Парламентлараро иттифоқ ўзининг 150-юбилей Ассамблеясини Тошкент шаҳрида ўтказмоқда.

Бу нафақат юксак даражадаги халқаро сиёсий тадбир, балки Ўзбекистоннинг парламент дипломатиясидаги нуфузи, геосиёсий аҳамияти ва сиёсий институтларининг очиқлик даражасини намоён этувчи воқеликдир.

Куни кеча бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси очилиш маросимида давлатимиз раҳбари иштирок этиб, мазкур ташкилот, унинг фаолияти ва Тошкентда ўтаётган тадбирнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Жумладан, Президентимиз ўз нутқида дастлаб сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқтисодий инқирозлар, “савдо урушлари”, терроризм ва экстремизм таҳдидлари тобора кучайиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтди.

Бу каби вайронкор ҳолатларни бартараф этиш, дунё халқларига тинчлик олиб келишда ҳеч шубҳасиз Парламентлараро иттифоқнинг ўрни юқори саналади. Боиси, ташкилот ўз сафида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган. Қолаверса, мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштириш, қўшма кооперация ташаббуслари ва лойиҳаларини илгари суриш, гуманитар алмашинувни кенгайтиришда ҳам парламентлараро мулоқот муҳим аҳамият касб этади.

Тошкентда бўлиб ўтаётган 150-юбилей Ассамблеяда эса 140 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд делегат қатнашмоқда. Буни ўз навбатида дунё парламентларида Ўзбекистоннинг парламентаризмни ривожлантириш борасида амалга ошираётган ислоҳотлари ва эришилган натижаларига нисбатан қизиқиш ортиб бораётганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида парламент институтини ривожлантириш муҳим вазифа сифатида белгиланганлиги, кейинги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини оширишга қаратилган 20 дан зиёд қонун қабул қилингани ҳамда Конституциявий ислоҳотлар сабаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенат ваколатлари эса 14 тадан 18 тага етказилгани фикримиз далилидир.

Қолаверса, бугунги кунга келиб, миллий парламентимизда хотин-қизларнинг улуши 38 фоизга етди. Мазкур кўрсаткич Парламентлараро иттифоқ томонидан юксак эътироф этилиб, Осиё минтақасида сўнгги ўттиз йилда энг юқори ўсиш сифатида баҳоланди. 2021 йилда Олий Мажлис палаталари қошида илк бор ёшлар парламентлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда Ёшлар парламенти ёшларнинг парламент фаолияти билан бир қаторда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўлақонли иштирок этиши учун уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон парламент йўналишида глобал аҳамиятга молик бўлган қатор халқаро ташаббусларни ҳам илгари суриб келмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияси қабул қилинди.

Ўзбекистон вакиллари Осиё Парламентлари Ассамблеяси, Марказий Осиё парламентлари форуми, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлар Ассамблеяси ва бошқа платформаларда фаол иштирок этмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, Ассамблея доирасидаги мулоқотлар жараёнида яна бир муҳим жиҳат иштирокчи давлат вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Яъни Ўзбекистонда парламентда бошланган ислоҳот ва ўзгаришлар мос тарзда ҳудудларда ҳам давом эттирилиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ваколатлари кенгайтирилганлигидир. Жумладан, охирги йилларда 30 дан ортиқ ваколатлар маҳаллий кенгашларга ўтказилди ва бу жараёнлар изчил давом эттирилмоқда. Натижада республикамизнинг энг олис ва қуйи тизимида янграган ҳар бир сайловчи ва депутатнинг овози миллий парламентимизгача етиб келмоқда.

Умуман олганда, Тошкентда ўтказилаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юблей Ассамблеяси бу нафақат сиёсий воқеа, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи, нуфузи ва дипломатик фаоллигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тарихий имконият ҳам демакдир.

Бу нафақат халқаро нуфузнинг ошиши, балки ички сиёсий жараёнлар ва парламент ислоҳотларига янги туртки бериш имконияти ҳамдир. Ушбу Ассамблея доирасидаги тадбирлар мамлакатимизнинг демократик тараққиётида муҳим босқич сифатида тарихга киради.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

ЎзА