Ўзбекистонда CBRN хавфсизлик бўйича минтақавий машғулотларга тайёргарлик кўрилмоқда

174

Айни кунларда Европа Иттифоқининг «Кимёвий, биологик, радиациявий ва ядровий хавфсизликнинг дала машқлари» лойиҳаси доирасида мамлакатимиз ҳудудида қатор муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади эса минтақада хавфсизликни таъминлаш ҳамда мазкур соҳаларда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасида ўтказилган йиғилишда шу ҳақда сўз борди.

Унда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги фармони ва Президент Администрацияси топшириғига мувофиқ, ушбу лойиҳа доирасида мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган минтақавий дала машғулотларига тайёргарлик кўриш юзасидан ташкилий ва молиявий масалалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур дала машғулотлари 2025 йил сентябрь ойига белгиланган бўлиб, унда Европа Иттифоқи экспертлари иштирокида хавфсизликни таъминлаш бўйича амалий машғулотлар ва тренинглар ўтказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Бактериологик (биологик) ва токсик қўлланмаларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва сақлашни тақиқлаш ҳамда уларни тугатиш тўғрисидаги конвенция доирасида Тошкент шаҳрида минтақавий учрашув ташкил этилиши режалаштирилган.

Ушбу ташаббус халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва хавфсизлик бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда Қўмита мутахассислари томонидан «Кимёвий хавфсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу ҳужжат 2025 йил сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, «Радиоактив чиқиндилар билан муомала қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Қонун 2025 йил ноябрга қадар тегишли идораларга тақдим этилиши кутиляпти.

Мазкур қонунлар соҳадаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш ва самарали назорат механизмларини шакллантиришга қаратилган.

Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда амалга оширилаётган  лойиҳа нафақат хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, балки мамлакатимизда ушбу йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштиришга ҳам муҳим ҳисса қўшади.

Йиғилиш якунида лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА