Константин Касачев: Ўзбекистон халқаро даражада қарорлар қабул қилинишининг муҳим марказларидан бирига айланди (+видео)

97

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси давом этмоқда. Унда дунёнинг кўплаб давлатлари қатори Россия Федерацияси делегацияси ҳам фаол иштирок этди. ЎзА мухбири нуфузли анжуманда иштирок этаётган Россия Федерация Кенгаши раисининг ўринбосари Константин Касачев билан суҳбатлашди:

– Парламентлараро иттифоқининг 150-ассамблеяси тарихий аҳамиятга эга. Чунки, бу юбилей ассамблеяси. Лекин, барибир, бу  энг асосий жиҳат эмас. Асосийси – бу нуфузли анжуман илк бор Ўзбекистонда, Марказий Осиёда ўтказилди. Бу ташкилотчилар учун жуда жиддий синов. Эътиборлиси, ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистонбу синовдан катта шараф билан ўтди.

Тахминан 150 дан зиёд мамлакат вакиллари қатнашган бу тадбирда уларнинг кўпчилиги, эҳтимол, биринчи марта Ўзбекистонга келди. Бу ажойиб мамлакат қаерда жойлашганини илгари улар билмаган бўлиши ҳам мумкин. Биз, россияликлар, албатта, Ўзбекистонни яхши биламиз ва яхши кўрамиз. Энди Ўзбекистон ассамблея туфайли, сўнгги йилларда ўтказилган кўплаб шундай йирик халқаро тадбирлар туфайли жаҳон харитасида ўз ўрни борлигини намоён қилди.

Энг муҳими, Ўзбекистон халқаро даражада қарорлар қабул қилинишининг муҳим марказларидан бирига айланди. Конструктив ва келишув асосидаги позицияда чиқиш қилувчи мамлакат сифатида ўзини кўрсатди. Шу билан бирга, у миллий манфаатларини қатъий ва собит туриб ҳимоя қилмоқда. Дунёда бу каби ҳолат, афсуски, кўп учрамайди.

Буларнинг барчаси, гўё бир томчи сувдаги каби, ассамблеянинг умумий мажлисида Ўзбекистон Президентининг ёрқин ва таъсирли нутқида ҳам ўз ифодасини топди.

Жаноб Мирзиёевнинг нутқида, биринчидан, аниқлик бор эди. Иккинчидан, у жаҳон кун тартибига жуда аниқ мос келди. Айнан шу масалаларни Парламентлараро иттифоқнинг асосий мақсади бўлиши керак. Ўзбекистон Президенти томонидан билдирилган таклифлар, ташаббуслар ассамблеянинг кейинги ишлари ривожига муҳим ҳисса бўлади, деб ўйлайман.

Биз ташкилотчиларга, парламентдаги ҳамкасбларимизга ва, албатта, Ўзбекистон Президентига самимий миннатдорлик билдирамиз.

Тошкент ассамблеяси доирасида амалга оширилган ишлар, кўтарилган ғоялар, қабул қилинган қарорлар кейинги ассамблеягача, балки ундан ҳам узоқроқ муддатгача жаҳон ҳамжамияти манфаати учун хизмат қилади.

Бу жараёнда Ўзбекистоннинг, шу жумладан, менинг мамлакатим Россия Федерацияси ҳам фаол иштирок этаётганидан жуд ҳам мамнунман.

                                              Норгул Абдураимова,

                                               Дониёр Якубов (видео),

                                              Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА