Энди беморларга сунъий интеллект ёрдамида аниқ ва тезкор ташхис қўйилмоқда
Илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий этиб бораётган бугунги шароитда дунёнинг ривожланган мамлакатларида давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт, саноат, ижтимоий ҳимоя, таълим, тиббиёт, бандлик, қишлоқ ҳўжалиги, мудофаа, хавфсизлик, туризм ва бошқа соҳаларда замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш урфга кирмоқда.
Мамлакатимизда ҳам ахборотлаштириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар инновацион тараққий этган етакчи давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Сунъий интеллект билан кунлик ҳаётимиз анча қулайлашди. Тиббиётда аниқлик ва тезкорлик муҳим. Бу ҳам диагностика, ҳам муолажа жараёнларига тааллуқли. Шу боис кейинги пайтларда тиббиёт муассасалари фаолиятига инновацион технологиялар кенг татбиқ этилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказида беморларга аниқ ва тезкор ташхис қўйиш учун сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда.
–Муассасамизда шу йил бошидан буён тери ўсмаларини сунъий интеллект ёрдамида ташхислаш ва муолажадан олдин терини ультратовуш сканери орқали баҳолаш, бадандаги турли пигмент доғларни ноинвазив Q-switch неодимли лазер усулида йўқотиш амалиётлари жорий этилди, – дейди ушбу марказ директори Улуғбек Собиров. – Шунингдек, 11 нафар фуқарода наноёғ ва стромал-васкуляр фракциялар (SVF) ҳамда мезинхемиал ўзак ҳужайралар (ADSCs) орқали тери ва териости ёғ тўқималари нуқсонларини бартараф қилиш бўйича энг ноёб амалиётлар бажарилди. Ўз навбатида, беморларнинг 8 нафарида пўрсилдоқ яра касаллигида моноклонал антитаналар ва иммуноглобулинлар ёрдамида бутунлай даволаш усули қўлланилди. Натижада юқорида саналган хасталиклардан азият чекаётган юртдошларимизнинг соғайиш муддати сезиларли даражада қисқаришига эришилди. Бундан ташқари, марказда Nd:YAG ва PDL лазери воситасида томир нуқсонларини, Q-switch лазери асосида эса мелазмани янги усулда даволаш йўлга қўйилди. Ана шу янги муолажа турлари орқали 3 ойда 650 нафардан зиёд беморлар саломатлиги тикланди.
Қайд этилишича, марказнинг сунъий интеллект ва роботлашган технологиялар асосида ишлайдиган FotoFinder, DUB SkinScanner, Hollywood Spectra сингари инновацион технологиялар билан жиҳозланиши муҳим аҳамият касб этди. Шу туфайли муассаса хизматидан фойдаланувчилар сони тобора ортиб боряпти. Улар орасида чет эл фуқаролари ҳам кўплиги бу ерда тиббий туризмни жадал ривожлантириш имконини беряпти. Масалан, шу йилнинг январь-март ойларида марказга АҚШ, Франция, Туркия, Хитой, Россия, Австрия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Украина, Молдова, Мексика, Миср, Эрон, Малдив ороллари, Ирландия, Дания, Тунис, Марокаш, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон каби 28 давлатдан 933 нафарга яқин беморлар мурожаат қилди. Улардан 127 нафарига шу ерда малакали стационар тиббий хизмат кўрсатилди.
Ҳозирги кунда марказ жамоаси дерматовенерология ва косметология соҳасидаги энг илғор диагностика ва муолажа усулларини туманлар даражасида йўлга қўйиб, ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш чораларини кўрмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА