Россия АҚШ ва Эронни яраштиришга рози

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков айтишича, Москва Теҳрон билан мунтазам мунозарани давом эттириб, АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддиятни “сиёсий ва дипломатик йўл” орқали ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўришга тайёр.
– Эронлик ҳамкорлар билан ядровий келишув бўйича ҳар доим маслаҳатлашамиз, – деди у журналистларга Москванинг Теҳрон ва Вашингтон ўртасида воситачилик қилиши эҳтимоли бор-йўқлиги ҳақидаги саволга жавобан. – Бу жараён яқин келажакда ҳам давом этади. Албатта, Россия муаммони музокара йўли билан ҳал қилишга ҳисса қўшиш учун ҳар қандай саъй-ҳаракатни амалга оширади.
Президент Дональд Трамп Эронни бевосита музокара ўтказишга чақириб, ядро дастури бўйича ўзи биринчи муддатида бир томонлама бекор қилган келишув ўрнига янги битим тузишга ундади. Агар келишувга эришилмаса, Ислом Республикаси бомбардимон қилиниши мумкинлиги билан таҳдид ҳам қилди.
Теҳрон эса таҳдид ва босим остида Вашингтон билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришни рад этди. Билвосита музокара учун эса “эшикни очиқ қолдирди”.
Маълумки, Эрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб, ядровий қуролга эга бўлиш ғояси мавжудлигини рад этиб келади.
Мусулмон Зиё, ЎзА