Абдуҳаким Эшмуродов: Ўзбекистон барча халқлар учун адолатни таъминлаш йўлида халқаро ҳамкорликни давом эттиради

104

Давлатимиз раҳбари Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясида нутқ сўзлаб, парламентаризм глобал сиёсатда қудратли восита сифатида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдуҳаким Эшмуродов шу ҳақда фикр билдирди: 

– Ҳақиқатан, айнан парламентлар халқларни боғловчи, ўзаро тотувлик ва чинакам ҳамжиҳатликни ривожлантирувчи кўприк бўлишга қодир.

Маърузада жаҳон ҳамжамиятини янада ривожлантириш ва сайёрамизда барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар кўрсатиб берилди. Бу барча давлатлар сиёсий манфаатларини акс эттириши билан бир қаторда, инсоният олдида турган муҳим муаммоларни ҳал қилишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Сўнгги ўн йилликларда дунё бир қатор глобал муаммоларга дуч келди. Жумладан, қуролли тўқнашувлар, терроризм таҳдидлари, экологик офатлар ва иқтисодий инқирозлар каби беқарорлик юз берди. Бундай    шароитда барча мамлакатлар парламентлари тинчлик ва хавфсизликни сақлашда фаол иштирок этиши жуда муҳим.

Хусусан, дипломатия ва музокаралар халқаро келишмовчиликларни ҳал этишнинг асосий воситасига айланиши керак. Масалан, Яқин Шарқда узоқ кутилган тинчликка “Икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга ошириш орқали эришиш мумкин. Бу тамойил бутун халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланадиган адолат ва низони ҳал қилишни англатади.

Юртбошимиз айтиб ўтган яна бир муҳим масала – бу иқлим ўзгариши бўлди. Дарҳақиқат, сайёрамизни келажак авлодлар учун асраб-авайлаш билан бирга, мазкур ўтиш жараёнини тезлаштирадиган ва барқарор ривожланишни таъминлайдиган механизмларни яратиш парламент аъзолари олдидаги энг муҳим вазифадир.

Шу билан бир қаторда, бугунги кунда фуқароларнинг тўлиқ ижтимоий ҳимояси ва камбағалликка қарши кураш асосий устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Глобал беқарорлик ва иқтисодий қийинчиликлар шароитида аҳолининг барча қатламларини ижтимоий кафолатлар ва қўллаб-қувватлаш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларни мустаҳкамлаш ҳам ҳамма учун бирдек муҳим жиҳат ҳисобланишига эътибор қаратилди. Ҳақиқатан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳали ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Муҳими, шу каби долзарб масалалар тилга олиниши билан бир қаторда, уларнинг самарали ечимлари – ҳамкорлик, ўзаро мулоқот, тажриба алмашиш, дипломатияни кучайтириш каби демократик ечимлар кўрсатиб берилди.

Ўзбекистон форум ташкилотчиси сифатида ушбу муаммоларни ҳал этишда етакчиликни ўз зиммасига олишга ва барқарор ривожланиш ва барча халқлар учун адолатни таъминлаш мақсадларига эришиш йўлида халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги билдирилди. Зеро, бу саъй-ҳаракатлар инсоният учун янада адолатли, хавфсиз ва барқарор келажакни яратишнинг ягона йўлидир.

Эътиборлиси, йирик халқаро тадбирда иштирок этаётган парламентарийлар, халқаро ташкилотлар вакиллари давлатимиз раҳбарининг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Норгул Абдураимова,

ЎзА