Нурсултан Байтилесов: 150-ассамблея Ўзбекистон ва минтақанинг халқаро обрў-эътибори ошганининг рамзидир

Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси давом этмоқда. ЎзА мухбири Ассамблеяда иштирок этаётган Қозоғистон Республикаси парламенти депутати Нурсултан Байтилесовдан интервью олди:
– Ўзбекистонда, Марказий Осиёда Парламентлараро иттифоқ асамблеясининг ўтказилиши мазкур мамлакат учун ҳам, бутун минтақа учун ҳам ниҳоятда муҳим воқеа ҳисобланади.
Бу Ўзбекистон ва минтақанинг халқаро обрў-эътибори ошгани рамзидир. Ассамблея, минтақавий ва халқаро миқёсда тинчлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари масалаларини ҳал этишда умумий ёндашувлар ишлаб чиқиш ва тажриба алмашиш учун ноёб платформани тақдим этди.
Бу, Марказий Осиё мамлакатларини халқаро парламентлараро жамоада фаол иштирокчи ва глобал мақсадларни илгари суришда муҳим ҳамкор сифатида тан олишдир.
Ассамблеядан биз, айниқса, можаро оқибатларини бартараф этиш контекстида, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг ролини кучайтиришга қаратилган амалий қадамларни кутмоқдамиз.
Шунингдек, иштирокчи мамлакатларнинг парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва экология, рақамлаштириш ва ижтимоий сиёсат каби асосий йўналишлар бўйича парламентлараро ҳамкорлик формати янада кенгайишига умид қиламиз.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик юқори даражада ва ижобий динамикага эга. Биз қонунчиликни уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақамлаштириш ва интеллектуал мулк масалаларида фаол мулоқот қилмоқдамиз.
Шунингдек, чегарадош ҳамкорлик, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бизда қўмиталар ва парламент гуруҳлари ўртасида мустаҳкам мулоқот ўрнатилган бўлиб, бу ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, мамлакатларимиз фуқаролари манфаатлари йўлидаги ҳаракатлар мувофиқлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Норгул Абдураимова,
ЎзА