Парламентаризмни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси доирасида бир қатор парламентлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Россия делегациясига раҳбарлик қилаётган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенкони қабул қилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Валентина Матвиенкони таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар тилади.
Федерация Кенгаши Раиси Ўзбекистон етакчисига самимий миннатдорлик билдириб, Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Парламентлараро алоқалар самарали бўлаётгани юксак баҳоланди.
Олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назорати бўйича фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий шериклик суръатини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳалари ва гуманитар алмашинув дастурларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси Соҳиба Гафарова учрашув аввалида Ўзбекистон етакчисига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Иқтисодий ҳамкорлик йили доирасида биргаликда самарали ишлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари фаол паллага кирган. Маданий-гуманитар тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва бўлажак олий даражадаги саммитлар учун янги таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида парламентлар ўртасида яқин амалий ҳамкорликни ва фаол алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова билан учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон – Беларусь муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида Беларусь делегацияси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Президент Александр Лукашенконинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Товар айирбошлаш ҳажми жадал ортиб бораётгани, саноат ва қишлоқ хўжалигида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик самарали бўлаётгани, маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Фаол парламентлараро мулоқотни давом эттириш, шу жумладан, олий даражада эришилган келишувларнинг парламент назоратини таъминлаш ва ўз вақтида бажарилишига кўмаклашиш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари делегациялари раҳбарларини қабул қилди.

Қўшма учрашувда Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Ерлан Кошанов, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Нурланбек Турғунбек ўғли, Тожикистон Республикаси Мажлиси Намояндагон Раиси Файзали Идизода ва Туркманистон Мажлиси Раиси Дунёгўзал Гулманова иштирок этди.
Юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президентига ўз мамлакатлари етакчиларининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар, минтақамизда илк бор ўтказилаётган ушбу халқаро тадбирнинг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
4 апрель куни Самарқанд шаҳрида ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммити ва Иқлим форумининг самарали натижалари юксак баҳоланди.
Олий ва юқори даражадаги фаол мулоқотлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Яқинда минтақада ўтказилган учрашувлар, жумладан, чегараларни делимитация қилиш масалалари тўлиқ тартибга солингани ҳамда Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолангани тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Кейинги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми кўп карра ошди, чегараолди савдо зоналари ташкил этилмоқда.
Иқтисодиётнинг турли тармоқларида, шу жумладан, мамлакатларимиз ҳудудларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Маданият ва таълимда тадбирларга бой дастурлар рўёбга чиқарилмоқда.
Учрашувда мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштириш, қўшма кооперация ташаббуслари ва лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувни кенгайтириш мақсадида парламентлараро мулоқотни, шу жумладан, қўмиталар даражасида мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.
Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегация билан учрашув аввалида Туркия парламенти раиси давлатимиз раҳбарига Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама ҳамкорликда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари ўсмоқда, муваффақиятли қўшма лойиҳа ва корхоналар сони, тўғридан-тўғри парвозлар кўпаймоқда. Икки давлат ва халқни яқинлаштиришга қаратилган муҳим маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга, Ўзбекистон – Туркия шериклигининг янги кун тартибини шакллантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштиришда, шунингдек, олий даражадаги келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлашда дўстлик гуруҳларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
Покистон Ислом Республикаси Сенати Раиси Юсуф Ризо Ғилоний бошчилигидаги делегация билан учрашувда Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Учрашувда юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Президент Асиф Али Зардарий ва Бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри парвозлар сони ортмоқда, икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида бизнес форумлари ва кўргазмалар мунтазам ўтказилмоқда.
Яқинда Ўзбекистонга амалга оширилган олий даражадаги тарихий ташриф давомида эришилган келишувларнинг самарали ижросини таъминлашда парламентларнинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт соҳаларидаги устувор лойиҳа ҳамда дастурларни жадаллаштириш, шу жумладан, Трансафғон йўли қурилишини илгари суриш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ва гуманитар алмашинувни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Ҳиндистон Республикаси парламентининг қуйи палатаси – Лок Сабҳа Спикери Ом Бирла бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида спикер давлатимиз раҳбарига Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда товар айирбошлашда барқарор ўсиш кузатилмоқда, муваффақиятли кооперация лойиҳалари кўпаймоқда, авиақатновлар кенгаймоқда.
Энергетика, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, IT, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг 4 та университети филиаллари фаолият юритмоқда.
Суҳбатда яқин парламентлараро алмашинувларни, соҳавий қўмиталар даражасида фаол алоқаларни йўлга қўйиш, дўстлик гуруҳлари ва ёшлар платформаларини ташкил этиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларининг салоҳиятини самарали ишга солиш муҳимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев араб давлатлари парламентлари раҳбарларини қабул қилди.

Учрашувда Араб парламенти Раиси Муҳаммад бин Аҳмад Ал-Ямаҳий, Баҳрайн парламенти Вакиллар кенгаши Спикери Аҳмад бин Салмон Ал-Мусаллам, Миср Вакиллар палатаси Спикери Ҳанафий Али Ал-Жабалий, Ўмон Шўро кенгаши Раиси Холид бин Ҳилол Ал-Маъавали, Қатар Шўро кенгаши Раиси Ҳасан бин Абдуллоҳ Ал-Ғаним ва Бирлашган Араб Амирликлари Федерал миллий кенгаши қўмитаси раиси Али Рашид Ал-Нуаймий иштирок этди.
Араб дунёси давлатлари билан кўп қиррали муносабатларни, шу жумладан, парламентлараро алоқалар орқали янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон етакчисига ўз мамлакатлари етакчиларининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва араб мамлакатларининг кенг қамровли шериклиги жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Олий даражадаги тарихий ташрифлар амалга оширилди, ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаол давом эттирилмоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар Давлати билан муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди, Саудия Арабистони ва Миср билан кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Баҳрайн Подшоҳлиги ва Ўмон Султонлиги билан ҳар томонлама ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Ушбу мамлакатлар билан инвестиция лойиҳалари портфели 50 миллиард доллардан ошди. «Яшил» энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, IT, транспорт ва логистика, инфратузилма ва туризм соҳаларида лойиҳалар амалга оширилмоқда. 500 га яқин қўшма корхона ташкил этилди, тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ҳафтасига 150 тадан ошди.
Минтақавий кун тартибидаги, шу жумладан, Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси, энг аввало, жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқотининг иккинчи саммитини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалани қабул қилди.

Юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломини етказди.
БМТ институтлари, хусусан, Махсус вакил офиси билан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўп қиррали шерикликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Махсус вакил Ўзбекистон етакчисининг болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва болаларни можароли ҳудудлардан қайтариш, болалар меҳнатига барҳам бериш борасидаги самарали ислоҳотларини юқори баҳолади.
Бола ҳуқуқларига оид халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик ва миллий институтлар фаолиятини такомиллаштириш масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича минтақавий конференция ва БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг амалий тажрибаси билан танишиш бўйича давра суҳбатини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентлараро Иттифоқнинг ушбу нуфузли тузилма раиси Тулия Эксон ва бош котиби Мартин Чунгонгдан иборат делегациясини қабул қилди.

Парламентлараро Иттифоқнинг юқори даражали вакиллари давлатимиз раҳбарини Тошкент шаҳрида ташкилотнинг юбилей Ассамблеяси муваффақиятли ташкил этилгани ҳамда унинг ялпи мажлисида дастурий нутқ сўзлагани билан самимий қутладилар.

Бундай кенг кўламли форумнинг Ўзбекистонда ўтказилаётгани ва илгари сурилган ташаббуслар тўлиқ қўллаб-қувватлангани Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотлар, айниқса, парламентаризмни ривожлантириш борасидаги натижаларнинг халқаро эътирофи экани таъкидланди.
Иттифоқ билан ҳамкорлик юксак даражага чиқиб, самарали тус олгани мамнуният билан қайд этилди.
Кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича парламентлараро форум ҳамда Тошкент шаҳрида парламентлар аёл раҳбарларининг 14-саммити ташкил этилди.

Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинди.
Суҳбат чоғида мамлакатлар ва халқлар ўртасида тинчлик ва конструктив мулоқотни мустаҳкамлаш, «яшил» тараққиёт ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлигини кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни парламент фаолиятига янада кўпроқ жалб этиш бўйича дастурларни амалга оширишда парламент дипломатиясининг аҳамияти қайд этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти ҳамкорликни ривожлантириш ва парламент дипломатиясини самарали илгари суришга қўшган катта ҳиссаси учун Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонгни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 2017 йилда Иттифоқ ишидаги иштирокини қайта тиклади ва бугунги кунда унинг ижро этувчи тузилмаларида тўлақонли қатнашмоқда.
ЎзА