Самбо: Тошкент Осиё-Океания чемпионатига мезбонлик қилади

115

Шу кунларда мамлакатимиз пойтахти Тошкент яна бир йирик спорт тадбирини ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда.

Жорий йилнинг 14-20 апрель кунлари пойтахтимизда самбо бўйича ўтказиладиган Осиё-Океания чемпионати туфайли Тошкент нафақат қитъамиз, балки Океания мамлакатлари самбочиларининг эътибор марказидаги масканга айланади.

Куни кеча Ўзбекистон самбо ассоциацияси мутасаддилари Осиё-Океания чемпионати олдидан тегишли мутахассислар, мураббийлар, ҳакамлар, ташкилий қўмита аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Унда бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Чемпионатни ҳар жиҳатдан юқори даражада ташкил этиш, хорижий давлат делегацияларини кутиб олиш, жойлаштириш, машғулот ва мусобақа ўтадиган мажмуаларни ҳозирлаш, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг тайёргарлиги каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Аниқ вазифалар юкланди.

Йиғилишда таъкидланганидек, айни кунларда Чирчиқ Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Осиё-Океания чемпионати олдидан ўқув-машғулот йиғинида қатнашаётган миллий терма жамоа аъзоларига зарур шарт-шароитлар яратилган.

Машғулотлар давомида халқаро тоифадаги ҳакамлар Ислом Одилов ва Муродхон Тўраев қитъа чемпионатига тайёргарлик кўраётган спортчиларимиз учун самбодаги янги қоидалар, ўзгаришлар, антидопинг талаблари ҳақида тушунчалар берилганлиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш якунида иштирокчиларга чемпионат рамзи намойиш этилди.

Т.Рўзиев, ЎзА