Сенат Раиси Ассамблея доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди

184

Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Жумладан, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация кенгаши ҳамда МДҲ ПА кенгаши Раиси В.Матвиенко билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва парламентлараро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

В.Матвиенко икки мамлакат парламентларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳимлигини таъкидлаб, икки томонлама ва кўп томонлама шаклларда фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

***

Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш билан учрашув давомида Олий Мажлис Сенати ҳамда Туркия парламенти ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган вазифалар бажарилишида парламент дипломатияси имкониятларини кенгайтириш зарурлиги айтилди.

Томонлар парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш, турли ташрифлар ва анжуманлар ўтказиш орқали икки мамлакат юқори палаталар ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олди.

***

Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика кенгаши Раиси Наталья Кочанова билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инновацион соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этишда парламентларнинг ролини ошириш зарурлиги таъкидланди.

***

Туркманистон Межлисининг Раиси Дунягозел Гулманова билан ҳам учрашув чоғида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни тизимли асосда ривожлантириш, тажриба алмашиш ва парламентлараро ҳамкорликни институционал даражага кўтариш бўйича таклифлар илгари сурилди.

***

Ҳиндистон Республикаси парламентининг қуйи палатаси – Лок Сабҳа Спикери Ом Бирла билан учрашув ҳам юқори даражада бўлиб ўтди.

Ўзбекистон томонидан «Ўзбекистон-Ҳиндистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи ташкил этиш таклиф қилинди. Парламент соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича Ҳиндистон парламенти ҳузуридаги Институт билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирилди.

Учрашувлар томонларнинг кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Делегация аъзолари томонлар ўртасида очиқ ва самарали мулоқот муҳити яратилгани, келгусида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг амалий аҳамияти таъкидланди.

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат),

ЎзА