Миллатлараро тотувлик ва дўстлигимизга кўз тегмасин

298

 

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида «Биз – бир оила фарзандларимиз!» шиори асосида «Ўзбекистон – умумий уйимиз» мавзусида байрам кечаси ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Р.Нуразизов ва институт ректори Қ.Қодировлар сўзга чиқиб, бугунги кунда юртимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оиланинг фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётганини таъкидлади.

Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси мудири Е.Тилеўов юртимизда барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун барча шароитлар яратилганлиги, давлатимиз томонидан турли миллатлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳақида ўз маърузасида айтиб ўтди.

Сўзга чиққанлар бугунги каби глобаллашув шароитида кўплаб мамлакатларда юз бераётган миллий, диний ва этник низолар шароитида бизнинг юртимизда турли миллат вакилларининг тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечириши юртимизда олиб борилаётган ушбу йўналишдаги тўғри сиёсатнинг натижаси эканлигига алоҳида тўхталди.

– Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди институт матбуот котиби И.Матеков.

Институтимиз кўп миллатли аҳил оилага ўхшайди. Унда 17 мингга яқин талаба-ёшлар таҳсил олмоқда. Таълим 5 тилда олиб бориладиган ўқув даргоҳимизда қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман, рус, украин, корейс, қирғиз, тожик, озарбайжон, бошқирд, уйғур ва татар каби жами 11 миллатга мансуб талабалар бир оиланинг фарзандларидек, аҳилликда ўқимоқда. Ўтказилаётган бундай тадбирлар ёшлар ўртасида ана шундай юксак қадриятларимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.









Тадбир институтнинг «Тўмарис» халқ ансамбли ва иқтидорли талабалари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги