Абай Қўнонбой ўғлининг 180 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

175

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида қозоқ халқининг буюк шоири, адабий тил ва ёзма адабиёт асосчиси, маърифатпарвар, файласуф, бастакор, таржимон ва жамоат арбоби Абай Қўнонбой ўғлининг 180 йиллик юбилейига бағишланган «Абай маънавий хазинасининг туркий дунёга таъсири» мавзусидаги халқаро илмий-назарий конференция бўлиб ўтди,-деб ахборот берди НДПИ матбуот котиби И.Матеков.

Конференцияда Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия давлатларидан, шунингдек, республикамиздаги илғор олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот марказларидан олимлар, докторантлар ва изланувчилар иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари институт ректори Қ.Қодиров, Туркий тиллар факультети жамоаси ҳамда Қозоқ тили ва адабиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

Меҳмонлар дастлаб институтда қорақалпоқ адабиётининг атоқли вакили Ажиниёз Қосибой ўғлининг 200 йиллиги муносабати билан ташкил этилган Ажиниёз музейида бўлиб, бу ердаги экспонатлар билан танишди.

Конференциянинг очилиш ялпи мажлисида институт ректори Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг барча соҳалар бўйича дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари, шу билан бирга, тарихи, тили, дини, маданияти, турмуш тарзи бир-бирига илдиз отган туркий халқлар билан давом этаётган ҳамкорлик ишларининг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Халқаро тадбир доирасида олимлар қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман ва бошқа халқлар адабиётининг яқин алоқалари, Абай Қўнонбой ўғли ижодининг нафақат қозоқ халқи, балки туркий халқлар ва жаҳон адабиётидаги тутган ўрни, унинг чуқур фалсафий, гуманистик фикр-мулоҳазалари, қарашлари, асарларининг жаҳон халқлари адабиётида ўрганилиши, уларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва келажак авлодларга етказиш каби масалалар туғрисида маърузалар қилди. Ўзаро фикир алмашишти.



Қозоғистондан келган меҳмонлар Абайнинг адабий ва фалсафий мероси бутун туркий дунё учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, унинг 180 йиллик юбилейи биринчилардан бўлиб Қорақалпоғистон ҳудудида нишонланаётгани учун институт жамоасига миннатдорчилик билдирди.

Тадбир доирасида конференцияни ташкил этиш, шу билан бирга, олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган фаолларга ташаккурномалар топширилди.

Конференция ўз ишини шўбаларда давом эттирди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги