Дубайда Ўзбекистон туризми салоҳияти тарғиб этилди

Дубай шаҳридаги “Хива” ресторанида Ўзбекистон туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган тақдимот ўтказилди. “Uzbekistan Airways” АЖнинг БААдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда 80 га яқин маҳаллий сайёҳлик оператори ва агенти иштирок этиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, жумладан сайёҳлик дастурлари, оммавий тадбирлар, бонусли тарифлар ва чегирмалар тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистондан борган тадбиркорлар 2025 йил учун махсус дастурларини тақдим этди. Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятларидаги меҳмонхона мажмуалари вакиллари ўз ҳудудларидаги ташриф масканлари, сайёҳларга кўрсатиладиган хизмат турлари, яратилган шароитлар ҳақида гапириб беришди.
БААдаги маҳаллий сайёҳлик агентлари эса тақдим этилган нарх, чегирма ва имтиёзлар бўйича саволларига жавоб олиб, диёримизга сайёҳлик пакетларини сотишга оид маълумотларини янгилаб олишди. Тадбир сўнгида тақдим этилган ахборотлар асосида сайёҳлик гуруҳларини шакллантириш ҳамда юртимиз салоҳиятини кенгроқ тарғиб қилиш бўйича ўзаро келишувга эришилди.
М.Пирматова, ЎзА