Яхши ниятлар билан пахта чигити экилмоқда

257

Чигит экишнинг бошланиши қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муҳим воқеа бўлиб, деҳқонлар меҳнатининг натижаси кутилганидек яхши, ҳосилнинг мўл бўлишига, халқ фаровонлигининг ошишига умид бағишлайди.

Шуманай туманидаги Бегжап овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Баҳром илғор» фермер хўжалигида бу йилги чигит экишнинг бошланишига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев, туман ҳокими А.Аметов ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар Президентимизнинг соҳага қаратаётган эътибори, берилган имкониятларни бирма-бир тилга олиб, чигит экиш сифати билан боғлиқ долзарб вазифаларни қайд этди. Фермерларнинг экин мавсумида ўз ишларига масъулият билан ёндашиши ва энг замонавий технологияларни қўллаши бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, долзарб вазифалар қайд этилди.





Шундан сўнг, семинар иштирокчилари яхши ниятлар билан дастлабки уруғларни сепишди.

Маълумот учун, бу йил туманда жами 4800 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган. Шундан 1860 гектарига Хитой технологияси асосида чигит экилиб, пахта етиштириш йўлга қўйилади. 900 гектарига хорижий навлар ва 960 гектарига маҳаллий навлар экилади.

Чигит экиш ишларини уюшқоқлик билан олиб бориш мақсадида 8 та отряд тузилган ва уларга 51 та ҳайдов трактори, 161 та қатор оралари трактори, 52 та чигит экиш сеялкаси, 15 та ер текислагич ва 212 та механизатор бириктирилган. Бу экиш жараёнининг муваффақиятли амалга оширилишига кафолат беради.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги