Қарздорлик ундирилди

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига “Нукус электромонтаж” масъулияти чекланган жамият директори С.Нуратдинов Чимбой тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан шартномага асосан юзага келган 217 миллион сўмдан зиёд қарздорликни тўлаб берилмаётганлигини билдириб, ушбу қарздорликни ундириб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
– Мурожаат ўрганиб чиқилганида тарафлар ўртасида 2021 йил 5 майда 20-сонли пудрат шартномаси тузилганлиги аниқланди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва методик таъминлаш шўъбаси катта маслаҳатчиси Тахир Махаматдинов. – Шунингдек, 2024 йил 12 январь кунги қўшимча келишув шартномасига асосан, “Нукус электромонтаж” масъулияти чекланган жамият томонидан “Нукус-ш.-Чимбой-ш.- Тахтакўпир” автомобиль йўли 58-63 км” (тунги ёритиш чироқларини) электромонтаж ёритиш ишлари олиб борилган. Шартнома бўйича қилинган ишлар ҳажми 2024 йил 30 август ҳолатига 243 миллион 431 минг 447 сўмни ташкил этиб, томонлар ўртасида ҳисоб-фактуралари тасдиқланган. Лекин, Чимбой тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан 217 миллион 36 минг 707 сўм маблағ тўлаб берилмаган.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Нукус электромонтаж” масъулияти чекланган жамият директори С.Нуратдиновнинг манфаатини кўзлаб Чимбой тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасасидан юзага келган қарздорликни ундириш бўйича Чимбой туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди. Натижада суднинг ҳал қилув қарори билан тадбиркорнинг қарздорлиги тўлиқ ундириб бериладиган бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.