Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев раҳбарлигида Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан тасдиқланган “Йўл харита”ларида белгиланган вазифалар ижроси бўйича тезкор йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, ҳисобот кўрсаткичларини “EDO.IJRO.UZ” электрон тизимига киритиш ҳамда ижтимоий профилактика тадбирларининг ижроси муҳокама қилинди. Ишлар самарадорлиги юзасидан амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

***
Қонликўл тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 120 ўринга мўлжалланган 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Мазкур иншоот Нукус шаҳридаги “Бахит қурилиш” масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан барпо этилди. Шу кунга қадар туманда 15 та давлат, 5 та хусусий шериклик асосидаги, 14 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, жами боғчалар сони 34 тага етди. Тумандаги 3-7 ёш оралиғидаги 4 минг 85 нафар боладан жами 3 минг 513 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинди. Туман бўйича болаларни қамраб олиш кўрсаткичи бугунги кунда 90,6 фоизга етди.

***
Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида икки карра Осиё чемпиони Жалғасбай Бердимуратов билан талабаларнинг учрашуви ташкил этилди.

Унда Жалғасбай Бердимуратов филиал талабаларига ўзининг иштирок этган мусобақалари, тайёргарлиги, ҳар куни қиладиган машғулотлари ҳақида сўзлаб берди. Халқаро ареналарда юртимиз байроғини кўкларда ҳилпиратиб, мадҳиямизни янгратишнинг завқи нақадар фахрли эканлигини қайд этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.