Футбол мураббийлари учун семинар ўтказилди

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг бир гуруҳ мутасадди ва мутахассислари Андижон вилоятида бўлди. Ташриф давомида Андижон футбол академияси, вилоятдаги футбол мактаблари инфратузилмаси, ёш футболчиларга яратилган шарт-шароитлар, ўқитиш жараёнлари ўрганилди.
Меҳмонлар дастлаб Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуасига ташриф буюриб, мажмуада спортчиларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
– Кейинги йилларда мамлакатимизда футболни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ЎФА ёшлар футболини ривожлантириш бўлими бошлиғи Баҳром Умаров. – Бу албатта, ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Хусусан, нафақат миллий, балки турли ёшдаги терма жамоаларимиз, айниқса, ёшлар жамоаларининг халқаро майдонлардаги ютуқлари салмоқли бўлмоқда. Қолаверса, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида футбол инфратузилмаси янада юқори босқичга кўтарилди.
Ташриф доирасида мутасадди ва мутахассислар иштирокида футбол мураббийлари учун семинар ташкил этилди. Семинарда тренерлар фаолиятини самарали юритилишини таъминлаш, улар ўртасида профессионал рақобат муҳитини яратиш, футбол академияси ва мактабларида ўқитиш тизимини яхшилаш, ўқитиш жараёнига илғор услуб ва тажрибаларни жорий этиш, иқтидорли ва маҳоратли ёш футболчиларни тарбиялаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Мутахассислар, иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Мураббийларнинг билим, малака ва тажрибаларини бойитишга хизмат қилган семинар давомида улар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари










